Ўзбекистон | 17:10 / 04.08.2016
35026
2 дақиқада ўқилади

Манба: МТС август ойи охиригача Ўзбекистондан кетиши мумкин

Россиянинг МТС компанияси август охиригача Ўзбекистонда ташкил қилинган Universal Mobile Systems (UMS) қўшма корхонаси таркибидан чиқади. Бу ҳақда вазиятга алоқадор манбасига асосланган ҳолда РИА Новости агентлиги хабар берди.

"Бу масала бўйича томонлар орасида ҳал қилувчи қарор қабул қилинган. Яқин вақтлар ичида, август ойининг охирига қадар МТС сармоядорлар сафидан чиқиши мумкин", — деган манба. Шу билан бирга у батафсил маълумот беришни истамаган.

Шунингдек, UMS компанияси ва Ўзбектелеком вакилларидан ушбу хабар юзасидан изоҳ олишнинг иложи бўлмаган.

«Интерфакс» маълумотига кўра, UMS компаниясининг россиялик ходимлари (бош директордан ташқари) аллақачон Ўзбекистонни тарк этишган. UMS активлари “Узмобайл” компаниясига ўтиш эҳтимоли катта экани айтилмоқда.

Universal Mobile Systems 2014 йилнинг 1 декабридан уяли алоқа тармоғини тижорий фойдаланишга топширди. 2014  йилнинг июль ойида Ўзбекистон ва МТС («Мобильные Телесистемы») ўртасида ҳамкорлик шартномаси тузилган эди. Ўшанда томонлар қўшма корхона тузиш ҳақида келишиб олишганди. Келишувга кўра, корхона сармоясининг 50,01 фоизи МТСга, 49,99 фоизи «Ўзбектелеком» АЖга тегишли бўлиб, уяли алоқа оператори 2G/3G/LTE лицензиялар, керакли частоталар, номерлар ҳажми, алоқа каналлари ижараси билан таъминланди. Тармоқнинг бошланғич ҳажми 2,5 миллион абонент рақами деб белгиланди.

Жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, UMS абонентлари базаси 1,287 миллион кишини ташкил қилди.

Эълон қилинган молиявий натижаларга кўра, UMS 2016 йил биринчи чорагида кўрган фойда ўтган чоракка нисбатан 3,5 фоизга кўпайиб, 85,241 миллиард сўмни ташкил этди (2,2 млрд рубль). Бу МТС гуруҳининг умумий даромадида 2 фоизлик улуш демакдир.