Спорт | 17:11 / 05.08.2016
6926
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон МТЖнинг Яманга қарши ўртоқлик учрашуви номаълум муддатга қолдирилди

Жаҳон чемпионати-2018 саралашининг учинчи босқичига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 24 август куни Тошкентда Буркина-Фасо терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади. Tribuna.uz сайтининг Ўзбекистон футбол федерациясига асосланиб хабар беришича, ўйин «Бунёдкор» стадионида ўтказилади.

24 августга белгиланган Ўзбекистон-Яман учрашуви Яман Футбол Федерациясининг ташаббуси билан бошқа кунга қолдирилди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Яман билан назорат ўйини ўтказиш режалаштирилганди. Аммо икки терма жамоанинг ўзаро келишувига кўра ушбу ўйин ўтказилмайдиган бўлди. Яман футбол федерацияси бош котиби Ҳамид Ал Шайбоний имзолаган мактубда айтилишича, Сано халқаро аэропортидаги аҳвол ёмонлашган ва вазият ўнглангмагунча футболчилар мамлакатни тарк эта олмайди. Шу сабабли Яман футбол федерацияси учрашувни бошқа кунга кўчиришни сўраб, Ўзбекистон томонининг тўғри тушунишига умид билдирган.

Буркина Фасо билан ўртоқлик ўйинига тайёргарлилар доирасида Самвел Бабаян бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги йиғинини 20 август куни бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ–2018 турнирининг учинчи саралаш босқичида Ўзбекистон миллий терма жамоаси “А” гуруҳидан жой олган бўлиб, Эрон, Жанубий Корея, Сурия ва Хитой терма жамоаларига қарши баҳс юритади. Миллий терманинг учинчи саралаш босқичидаги биринчи ўйини 1 сентябрь куни Тошкентда, Сурия терма жамоасига қарши ўтказилади.