Рио-де-Жанейро олимпиадасида иккинчи кун баҳслари давом этмоқда. 6 август куни ўзбекистонликлар терма жамоаси 5та спорт туриб бўйича баҳсларни бошлади.

Академик эшкак эшиш. Эркаклар, яккалик, 2000 метр.
Шаҳбоз Холмирзаев саралаш босқичида иштирок этди ва ўз гуруҳида 5 спортчи орасида финишга тўртинчи бўлиб етиб келди. Ўз гуруҳларида дастлабки 3та ўринни эгаллаган спортчилар чорак финалга тўғридан-тўғри йўл олди. Холмирзаев 7 август куни қўшимча босқичда иштирок этади. Бу босқичда гуруҳларда дастлабки иккита ўринни эгаллаган спортчилар чорак финал йўлланмасини қўлга киритади. 

Сузиш. Ўзбекистонлик спортчилар кейинги босқичга чиқа олишмади
Сузиш бўйича 400 метрга комплекс услубда сузиш бўйича Раънохон Омонова саралаш босқичида иштирок этди. У иккинчи гуруҳда сўнгги ўринни қайд этди ва финалга чиқа олмади. Омонова энди 200 метрга комплекс услубда сузиш мусобақасида иштирок этади. 

Брасс услубида 100 метрга сузишда Владислав Мустафин саралашнинг 3-гуруҳида 1-йўлакчадан сузишни амалга оширди. У 1:01.66 натижа билан ўз гуруҳида 6-ўринни эгаллади. Бу натижа Мустафинга ярим финалга чиқиш учун етарли бўлмади. Владислав Рио-2016 олимпиадасидаги иштирокини якунлади.

Стол тенниси. Зоҳид Кенжаев кейинги босқичда
Ўзбекистон олимпия тарихида стол тенниси бўйича илк марта эркак спортчи иштирок этмоқда. Зоҳид Кенжаев Рио-2016 олимпиадасининг дастлабки саралаш босқичида чехиялик спортчига қарши баҳс олиб борди ва ғалаба қозонди. У Любомир Янкарик устидан 4:2 (8:11, 11:2, 13:11, 11:6, 8:11, 11:9) ҳисобида зафар қучди. Зоҳид Кенжаев навбатдаги босқичда Буюк Британия вакили Лиам Ритчфордга қарши баҳс олиб боради. 

Бокс. Хуршид Тожибоев нимчорак финалга йўл олди
Бокс бўйича 60 кг.гача бўлган вазнда иштирок этаётган Хуршид Тожибоев саралаш босқичида қатарлик Ҳакан Эрескерни мағлуб этди. У уч раунд давомида катта устунликка эга бўлиб, рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ҳар учала ҳакам устунликни Тожибоевга берди — 30:25, 30:27, 30:27. Нимчорак финалда Хуршид Тожибоев буюк британиялик Йозеф Кординага қарши рингга кўтарилади.

Дзюдо. Диёрбек Ўрозбоев — бронза медаль совриндори
Пекин-2008 ва Лондон-2012 олимпия ўйинларининг дастлабки кунида дзюдочи Ришод Собиров (60 кг.) Ўзбекистон делегациясига илк медални келтирганди. Бразилияда эса шу вазнда иштирок этган Диёрбек Ўрозбоев ушбу анъанани давом эттирди ва терма жамоа ҳисобига илк бронза медални тақдим этди.