Жамият | 17:17 / 21.09.2016
28761
2 дақиқада ўқилади

“Бедарак кетган турмуш ўртоғим қайтиб келди, никоҳимиз эса бекор қилинган...”

Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи Н.Баҳромова “Постда” газетасига йўллаган хатида турмуш ўртоғи хорижга ишлаш учун кетиб, анча йиллар қайтиб келмагани, шу сабабли суд томонидан бедарак йўқолган деб топилганини ёзади. “Бахтли тасодиф туфайли у яқинда қайтиб келди. Биз никоҳимизни қайта тикласак бўладими ёки қайта никоҳдан ўтишимиз керакми?”, деб ёзади Н.Баҳромова.

Муштарийнинг саволига ҳуқуқшунос Дилфуза Амирова жавоб берган:

“Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 48-моддасига кўра, суд томонидан вафот этган деб эълон қилинган ёки бедарак йўқолган деб топилган эр (хотин) қайтиб келган ва тегишли суд қарорлари бекор қилинган ҳолларда, никоҳ эр-хотиннинг биргаликдаги аризасига кўра фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи томонидан тикланиши мумкин. Фақатгина агар эр (хотин) янги никоҳга кирган бўлса, никоҳни тиклашга йўл қўйилмайди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, сизлар биргаликда ариза бериб, никоҳингизни қайта тиклашингиз мумкин. Янгидан никоҳдан ўтиш учун зарурат йўқ”.

Мавзуга оид