«Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти Ўзбекистонда туғилиш кўрсаткичларининг 2050 йилгача бўлган узоқ муддатли прогнозини эълон қилди.
Тадқиқот «Ички ва ташқи миграциянинг демографик жараёнлар ва оила институтига узоқ муддатли таъсирини баҳолаш» илмий лойиҳаси доирасида амалга оширилган.
Прогноз натижаларига кўра, мамлакатда туғилишлар сони келгуси йилларда ўсишда давом этади. Хусусан, 2030 йилда 892,7 минг нафар, 2040 йилда 1 млн 16,1 минг нафар, 2050 йилга келиб эса 1 млн 234,1 минг нафар бола туғилиши кутилмоқда.
Шу тариқа, 2050 йилда туғилишлар сони 2025 йилга нисбатан 354,5 минг нафарга ёки 40,3 фоизга кўпайиши прогноз қилинган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш Тошкент вилоятида кутилмоқда — 62 фоиз. Кейинги ўринларда Тошкент шаҳри — 61 фоиз, Андижон вилояти — 48,6 фоиз, Самарқанд вилояти — 43,3 фоиз ва Наманган вилояти — 42,4 фоиз билан қайд этилган.
Шу билан бирга, туғилишнинг умумий коэффициентида ўрта муддатли даврда бироз пасайиш, кейинчалик эса барқарор ўсиш тенденцияси кузатилиши кутилмоқда.
Республика бўйича туғилишнинг умумий коэффициенти 2030 йилда ҳар минг аҳолига 21,2 нафарни, 2040 йилда 20,8 нафарни, 2050 йилда эса 21,9 нафарни ташкил этиши прогноз қилинган.
2050 йилда бу кўрсаткич энг юқори бўлиши кутилаётган ҳудуд Сурхондарё вилояти бўлиб, у ерда ҳар минг аҳолига 24,7 нафар туғилиш прогноз қилинмоқда. Қашқадарё вилоятида бу кўрсаткич 23,8 промилле, Наманган ва Самарқанд вилоятларида 23,1 промилледан, Андижон вилоятида 22,9 промилле, Тошкент шаҳрида эса 22,3 промиллени ташкил этиши кутилмоқда.
Мутахассислар туғилишлар сонининг прогноз қилинаётган ўсиши келгуси йилларда таълим, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, уй-жой, ижтимоий хизматлар ҳамда меҳнат бозори инфратузилмасига бўлган эҳтиёжни ҳам оширишини қайд этган.
Шу боис демографик ўзгаришларни олдиндан баҳолаш давлат ресурсларини самарали тақсимлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва инсон капиталига инвестицияларни стратегик режалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.







