“Ўғил бўлса, бас”: Ўзбекистонда ўғил фарзандга устунлик оилалар қарорига қандай таъсир қилади?
|17:1582713 мин
Ўзбекистонда оилалар ўғил фарзандли бўлгач, фарзанд кўришни давом эттириш эҳтимоли сезиларли камаяди. Янги тадқиқотга кўра, бу таъсир туғуруқлар сони ошгани сари кучайиб, 32–36 фоизгача етади. Тадқиқот муаллифлари буни оиланинг камида битта ўғилга эга бўлишни кўзлаган “тўхташ қоидаси” билан изоҳлайди.
Ўзбекистонда оилалар камида битта ўғил кўрса, кейинги фарзандни дунёга келтириш эҳтимоли сезиларли даражада камаяди. Бу яқинда эълон қилинган “A Tale of two choices: Son preference and reproductive outcomes in Uzbekistan” тадқиқотидан келиб чиқадиган хулосадир. Тадқиқот муаллифлари Ҳилола Душамова, Рашид Жавед, Ғайрат Суюнов ва Мунира Закирова.
Kun.uz тадқиқот муаллифлардан бири Рашид Жавед билан суҳбатлашиб, айрим саволларга жавоб олди.
Ўғил бўлса, етарли – тадқиқотнинг асосий хулосаси
Тадқиқотда 2021–2022 йиллардаги Ўзбекистон Multiple Indicator Cluster Survey маълумотларидан фойдаланилган. Иккинчи босқичда 4448 та уй хўжалигидан маълумот йиғилган. Тадқиқотнинг якуний танланмасига эса камида бир марта тирик фарзанд кўрган 3585 нафар турмуш қурган аёл киритилган.
Муаллифлар “ўзбек оилаларида ўғил фарзандга эҳтиёж юқори бўлгани учун оилалар ўғил туғилгунча фарзанд кўришда давом этади” деган оддий тахминни эмас, балки бунинг тескарисини ҳам кўрсатишган: ўғил туғилгач, фарзанд кўришни тўхтатиш ёки кейинги туғуруқни кечиктириш эҳтимоли ошади. Масалан:
иккинчи фарзанддан кейин камида битта ўғли бор аёлларнинг яна фарзанд кўриш эҳтимоли 16,7 фоизга паст;
учинчи туғуруқдан кейин бу фарқ 32,1 фоизгача;
тўртинчи туғуруқдан кейин эса 35,9 фоизгача етади.
Яна қизиқ томони — ўғиллар сони ошгани сари фарзанд кўришни давом эттириш эҳтимоли ҳам камаяди.
Масалан, дастлабки икки фарзанди қиз бўлган аёлларга нисбатан битта ўғли бор аёлларнинг кейинги фарзанд кўриш эҳтимоли 15,8 фоизга, икки ўғли бор аёлларники эса 18,4 фоизга паст бўлган.
Тўртинчи туғуруқдан кейин эса ўғил фарзандлари сонига қараб кейинги туғуруқ эҳтимоли 28,6–38,5 фоизга паст бўлган.
Лекин тадқиқотнинг энг қизиқ жойи бошқа: тадқиқотчилар икки хил жинсдаги фарзандлари бор оилалар билан фақат қизлари ёки фақат ўғиллари бор оилаларни ҳам солиштирган. Натижада биринчи икки фарзанди қиз бўлган аёлнинг учинчи фарзандни кўриш эҳтимоли аралаш жинсдаги икки фарзанди бор аёлникидан 15,6 фоиз юқори.
ualliflarning O‘zbekiston MICS 2021–2022 ma’lumotlari asosidagi hisob-kitoblari.
Jins kesimida paritet bo‘yicha farzand ko‘rishning davomiyligi.
ualliflarning O‘zbekiston MICS 2021–2022 ma’lumotlari asosidagi hisob-kitoblari.
Jins kesimida paritet bo‘yicha farzand ko‘rishning davomiyligi.
Учта қизи бор аёлларда тўртинчи фарзандни кўриш эҳтимоли 32,1 фоизга юқори, тўртта қизи бор аёлларда эса бешинчи фарзанд эҳтимоли 36,1 фоизга юқори бўлган. Аммо бир хил жинсдаги барча фарзандлари ўғил бўлган оилаларда кейинги фарзанд кўришга статистик жиҳатдан сезиларли таъсир аниқланмаган. Шу сабабли муаллифлар Ўзбекистонда “оилада, албатта, ўғил ҳам, қиз ҳам бўлиши керак” деган “mixed sex preference” аралаш жинс устунлиги учун далил топмаган. Аксинча, натижалар ўғилга бўлган афзалликни кўрсатади.
Туғуруқлар оралиғи ҳам ўзгаради
Тадқиқотга кўра, ўғли бор аёллар кейинги фарзандни узоқроқ интервал билан кўришга мойил. Масалан, биринчи фарзанддан кейин:
ўғли йўқ аёлларда кейинги ҳомиладорлик 24 ой ичида юз бериши 47 фоиз;
ўғли бор аёлларда эса 40 фоиз.
Иккинчи туғуруқдан кейин бу кўрсаткич мос равишда 22 фоиз ва 14 фоиз бўлган.
Cox модели орқали ҳисоблаганда, биринчи фарзанди ўғил бўлган аёлларда кейинги туғуруқ оралиғи қиз фарзандли аёлларга нисбатан тахминан 14 фоиз узоқроқ бўлган. Иккинчи фарзанди ўғил бўлганларда эса кейинги туғуруқни кечиктириш таъсири 23 фоиз атрофида.
Muayyan tug‘ilish tartibida kamida bir nafar o‘g‘il farzandning mavjudligi va keyingi tug‘ilish oralig‘i
Контрацепция
Камида битта ўғли бор аёлларнинг контрацепциядан фойдаланиш эҳтимоли 8,9 фоиз юқори бўлган. Муаллифлар буни ўғил туғилгач, айрим оилаларда фарзанд кўришни тўхтатиш қарори кучайиши билан боғлаш мумкинлигини кўрсатади. Тадқиқотда контрацепция таркибидаги усулларнинг тахминан 96,6 фоизи замонавий усуллар, 3,4 фоизи эса анъанавий усуллар экани ҳам қайд этилган.
Ҳисоб-китобларда аёлнинг ёши, таълими, эрининг ёши, оила катталиги, ҳудуд (қишлоқ/шаҳар) ва иқтисодий ҳолати каби омиллар ҳам назорат қилинган.
Яна бир муҳим рақам: Ўзбекистонда туғилишдаги жинслар нисбати
Тадқиқот муаллифлари мавзуни фақат туғилишлар кетма-кетлиги билан чекламайди. Улар Ўзбекистонда туғилишдаги жинслар нисбатини ҳам муҳокама қилади: ҳар 100 қизга 108 нафар ўғил бола. Табиий нисбат эса тахминан 105 ўғилга 100 қиз деб олинади.
Муаллифлар Ўзбекистондаги бу юқори нисбат жинс танлаб аборт қилиш эҳтимоли билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини муҳокама қилади. Аммо бу тадқиқотнинг асосий эмпирик натижаси эмас ва муаллифларнинг ўзи ҳам Ўзбекистонда жинс танлаб аборт қилиш бўйича ишончли маълумотлар камлигини таъкидлайди. Шунинг учун мақолада “Ўзбекистонда қиз ҳомилалар аборт қилинади” деган қатъий хулоса чиқариш нотўғри бўлади.
“Ўғил фарзанднинг туғилиши оиланинг муҳим репродуктив мақсадларидан бирига эришилганини билдирувчи сигнал”, дейди доктор Рашид Жавед.
Muayyan tug‘ilish tartibidagi o‘g‘il farzandlar soni va keyingi tug‘ilish oralig‘i
Др. Рашид Жавед – Франциядаги Пау ва Адур мамлакатлари университетида иқтисодиёт бўйича PhD даражасини олган. Ҳозирда Буюк Британиядаги Northumbria University таркибидаги Newcastle Business Schoolʼда ўқитувчи сифатида фаолият юритади.
Унинг илмий тадқиқотлари ривожланиш ва демографик иқтисодиёт йўналишларига қаратилган бўлиб, хусусан, ўғил фарзандга бўлган афзаллик, репродуктив қарорлар ва болаларнинг инсон капиталидаги гендер тафовутларини ўрганади.
– Тадқиқотингизга кўра, аёлнинг ўғли бўлса, кейинги фарзандни кўриш эҳтимоли камаяди. Буни қандай тушунтирасиз? Ўғил фарзанд туғилиши оиланинг “яна фарзанд кўришимиз керак” деган қарорини ўзгартирадими? Бу ҳолат ўғил фарзандга бўлган анъанавий эҳтиёж билан боғлиқми?
– Асосан, ҳа. Тадқиқотимиз шуни кўрсатадики, биринчи фарзанднинг жинси кейинги туғуруққа сезиларли таъсир қилмайди — аёлларнинг 80 фоиздан ортиғи биринчи фарзанди ўғил ёки қиз бўлишидан қатъи назар, иккинчи фарзандни дунёга келтиради.
Бироқ иккинчи туғуруқдан бошлаб вазият ўзгаради: оилада камида битта ўғил фарзанд бўлса, улар фарзанд кўришни давом эттириш эҳтимоли сезиларли даражада камаяди. Масалан, иккинчи фарзанд туғилгач, дастлабки икки фарзанди орасида камида битта ўғли бор жуфтликларнинг учинчи фарзандни кўриш эҳтимоли дастлабки икки фарзанди қиз бўлган жуфтликларга нисбатан 16,7 фоизга паст.
Худди шунингдек, учинчи ва тўртинчи туғуруқлардан кейин ҳам камида битта ўғли бор жуфтликларнинг фарзанд кўришни давом эттириш эҳтимоли қарийб учдан бирга кам. Бу ҳолат классик “тўхташ қоидаси” (stopping rule) мавжудлигини кўрсатади: оилалар камида битта ўғил фарзандли бўлмагунча фарзанд кўришда давом этиши мумкин. Шундай экан, ўғил фарзанднинг туғилиши оиланинг муҳим репродуктив мақсадларидан бирига эришилганини билдирувчи сигнал бўлиб хизмат қилади.
– Тадқиқотда ўғил фарзанд туғилгач, кейинги туғуруқлар оралиғи узайиши ва контрацепциядан фойдаланиш эҳтимоли ошиши аниқланган. Бунда асосий омил нима деб ўйлайсиз: ўғил фарзандга бўлган ижтимоий-маданий эҳтиёж қондирилишими, оиланинг режалаштирилган фарзандлар сонига етган деб ҳисоблашими ёки иқтисодий омилларми?
– Тадқиқотимиз натижалари ўғил фарзандга бўлган афзаллик ўзбек жуфтликларининг репродуктив хулқ-атворига учта асосий йўл орқали сезиларли таъсир қилишини кўрсатади.
Биринчидан, камида битта ўғли бор аёлларнинг умуман бошқа фарзанд кўрмаслик эҳтимоли сезиларли даражада юқори. Бу таъсир туғуруқлар сони ошгани сари кучаяди ва 32–36 фоизгача етади.
Иккинчидан, яна фарзанд кўришга қарор қилган аёллар орасида ҳам ўғил фарзанднинг мавжудлиги кейинги туғуруқни ўғли бўлмаган аёлларга нисбатан кечиктиради.
Контрацепциядан фойдаланиш ҳам ушбу механизмнинг бир қисмидир: камида битта ўғли бор аёлларнинг контрацепциядан фойдаланиш эҳтимоли ўғли бўлмаган аёлларга қараганда 8,9 фоизга юқори. Бу эса тадқиқотимизда кузатилган туғуруқлар орасидаги узоқроқ интервалларни қисман тушунтиради.
Учинчидан, биз “аралаш жинсдаги фарзандларга эга бўлиш” афзаллиги, яъни оилада ҳам ўғил, ҳам қиз бўлишини исташ ҳолатига далил топмадик. Агар ота-оналар шунчаки хилма-хилликни — бир ўғил ва бир қизни — истаганида, барча фарзандлари ўғил бўлган оилалар қиз фарзандли бўлиш учун яна фарзанд кўришга ҳаракат қилишини кутган бўлардик. Бироқ бундай ҳолат кузатилмайди.
Аксинча, барча фарзандлари қиз бўлган оилалар фарзанд кўришни давом эттириш эҳтимоли сезиларли даражада юқори. Туғуруқлар сони кўпайган сари бу эҳтимол 36 фоизгача юқори бўлади. Бу, бизнингча, асосий мақсад муайян оилавий таркиб ёки фарзандлар сонига эришиш эмас, балки оилада камида битта ўғил фарзанд бўлиши эканини кўрсатувчи энг яққол далилдир.
Бироқ тадқиқотимиз бўйича бир муҳим изоҳ бор: биз одамларнинг хатти-ҳаракатларини кузатдик, уларнинг ниятларини эмас. Шу сабабли иқтисодий сабабларни, масалан, қарилик чоғида моддий таъминот ёки мерос масаласини тўлиқ инкор эта олмаймиз. Бундай омиллар маданий афзаллик билан бирга мавжуд бўлиши ёки ҳатто унинг асосида ётиши мумкин.
– Ўзбекистонда туғилишдаги жинслар нисбати табиий кўрсаткичдан юқорироқ — ҳар 100 қизга 108 ўғил бола тўғри келиши қайд этилган. Сизнинг тадқиқотингиздаги натижалар билан биргаликда қаралганда, бу рақамлар Ўзбекистонда ўғил фарзандга бўлган афзалликнинг реал демографик оқибатлари ҳақида қандай сигнал беради? Жинс танлаш амалиётининг мавжудлиги ёки кўлами ҳақида тадқиқотингиздан қандай хулоса чиқариш мумкин ва нимани айтиш учун ҳозирча далил етарли эмас?
– Бу масалада эҳтиёткор бўлишимиз керак. Ўзбекистонда туғилишдаги жинслар нисбати — ҳар 100 қизга 108 нафар ўғил, табиий кўрсаткичдан, яъни 105:100 нисбатидан анча юқори. Бу ҳолат бир неча ўн йиллардан бери сақланиб келаётгани ҳам эътиборга молик.
Бироқ бизнинг тадқиқотимиз туғилишдан кейинги репродуктив хатти-ҳаракат, яъни фарзанд кўришни тўхтатиш ва туғуруқлар орасидаги интервал масаласига бағишланган. Биз туғилишдан олдинги жараёнларни ўрганмадик.
Хусусан, жинс танлаб аборт қилиш ҳолатини бевосита текширмадик. Бундан ташқари, Ўзбекистонда бундай амалиёт бўйича ишончли маълумотлар деярли мавжуд эмас.
Биз айтишимиз мумкин бўлган нарса шуки, бу икки ҳодиса мантиқан ўзаро боғлиқ: жинс танлаш технологияларидан фойдаланиш имконияти чекланган жамиятларда оилалар ўғил фарзандли бўлиш учун фарзанд кўришни такрорлаш орқали ўз мақсадига эришишга ҳаракат қилиши мумкин. Бундай технологиялар кенгроқ тарқалган жойларда эса ушбу босимнинг бир қисми туғилишдан олдинги жинс танлашга кўчиши мумкин.
Ҳар иккала хатти-ҳаракат ҳам бир хил асосий омил — ўғил фарзандга бўлган афзаллик билан изоҳланиши мумкин. Бироқ бизнинг тадқиқотимиз асосан репродуктив хатти-ҳаракатнинг туғилишдан кейинги қисмига оид далилларни тақдим этади.
– Агар ўғил фарзанд туғилиши ҳақиқатан ҳам оиланинг кейинги репродуктив қарорига шунчалик кучли таъсир қилса, бу Ўзбекистоннинг келажакдаги демографик жараёнлари — туғилиш даражаси, оилалар ҳажми ва аҳоли таркибига қандай таъсир қилиши мумкин? Сизнингча, сиёсатчилар ва демографлар бу натижадан қандай хулоса чиқариши керак?
Тадқиқотимиз натижалари ўғил фарзандга бўлган афзаллик Ўзбекистоннинг узоқ муддатли демографик ривожланиши учун муҳим оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатади.
Масалан, агар оилалар ўғил фарзандли бўлгач, фарзанд кўришни эртароқ тўхтатса, бу вақт ўтиши билан туғилиш даражаси пасайиши ва оилалар ҳажми кичрайишига олиб келиши мумкин.
Шу билан бирга, агар ўғил фарзандга бўлган афзаллик туғилишдаги жинслар нисбатининг доимий равишда юқори бўлишига ҳам ҳисса қўшаётган бўлса, бу узоқ муддатда аҳолининг жинсий таркибига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Сиёсатчилар учун асосий хулоса шуки: ўғил фарзандга бўлган афзаллик шунчаки маданий қараш эмас. У амалдаги репродуктив хатти-ҳаракатни — фарзанд кўришни тўхтатиш ва туғуруқлар орасидаги вақтни белгилашни ҳам шакллантиради.
Шу сабабли гендер тенглигини илгари сурадиган ҳамда ўғил фарзандни афзал кўришга сабаб бўлаётган ижтимоий ва иқтисодий рағбатларни камайтирадиган сиёсатлар Ўзбекистоннинг келажакдаги демографик ривожланиши учун муҳим бўлиши мумкин.