Тошкентда кимлар прописка қилиниши мумкинлигига ойдинлик киритилди
«Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати» га ўзгартишлар киритилди.
Ўзгартишлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 22 августда қабул қилиниб, 25 августда Сенат тасдиғидан ўтган, 23 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасига мувофиқ киритилди.
Унга кўра, пойтахт ҳудудида прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлганлар доираси торайди. Эндиликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискада бўлганларнинг фақат эри ёки хотини, вояга етган турмуш қурмаган фарзандлари, ўзаро ва (ёки) илгариги никоҳдан дунёга келган вояга етмаган фарзандлари ҳамда асраб олинган фарзандларигина доимий пропискадан ўтишлари мумкин бўлади.
Norma.uz нашри томонидан изоҳланишича, муқаддам пропискага қўйилганидан сўнг унинг биринчи ва иккинчи даражали қариндошлари ҳам доимий прописка олиши мумкин эди. Масалан, ота ўз ўғлини пропискага қўйгач, уйга ўғилнинг онаси (агарда аввал рўйхатнинг 5-банди бўйича отасининг хотини сифатида пропискадан ўтмаган бўлса), она томондан бобоси ва бувиси, унинг турмуш ўртоғи, ёши ва оилавий ҳолатидан қатъи назар, барча фарзандлари доимий рўйхатдан ўта олар эди.
Эндиликда худди шундай вазиятда ўғилнинг фақат қуйидаги қариндошларигина пропискага қўйилиши мумкин: унинг рафиқаси, оила қурмаган (уйланмаган ва турмушга чиқмаган) вояга етган фарзандлари ҳамда эр-хотиннинг биргаликдаги ва (ёки) илгариги никоҳидан туғилган ёхуд никоҳсиз туғилган вояга етмаган болалари, шунингдек асраб олинган фарзандлар.
Мавзуга оид
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
11:23 / 11.03.2024
Фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби ўзгариши мумкин
14:36 / 04.07.2023
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонунни бекор қилиш лойиҳаси парламентга ҳали киритилмаган
19:39 / 08.05.2023