Жамият | 10:53 / 17.10.2016
11187
2 дақиқада ўқилади

Маст ҳолатда хотинини пичоқлаган эр узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: © ТАСС

Дилшод ва Зоира турмуш қуришди. Орадан йиллар ўтди. Оилада фарзанд дунёга келди. Дилшод тез-тез ичиб келиб, тўполон кўтарар, кейин муштига эрк берарди. Ёшгина аёл эрининг асоссиз зуғумлари остида кун сайин ҳаётдан безиб борарди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Орадан ўн йил ўтса-да, Дилшоднинг феъли ўзгармади. Баъзан кўчадан эшитган ғийбат гаплар, баъзан эса арзимаган баҳоналар сабаб Зоирага кун бермади. Аёл бу хўрликка чидай олмай, ўз жонига қасд қилди. Хайриятки, шифокорлар ёрдамида унинг ҳаёти сақлаб қолинди. Бу воқеадан сўнг Дилшоднинг кўзи очилгандек бўлди, аммо орадан вақт ўтиб, у яна эски ҳолатига келиб қолди. Аёлини калтаклай бошлади.

Кунларнинг бирида у яна ичиб келиб, ҳовлида жанжал кўтарди, Зоирани калтаклади. Аёл ундан аранг қочиб қутилиб, маҳалла участка нозирига мурожаат қилди. Дилшодни олиб кетишди. Зоира эса боласини олиб онасиникига кетди. 
Дилшод хотини келавермагач, қўлига пичоқ олиб, қайнонасиникига борди. У ерда хотинини кўриб, унга ташланди ва бўйнига пичоқ урди. Зоира жонсиз ҳолатда ерга йиқилди.
Ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди Дилшод Нарзиевга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
 

Мавзуга оид