Тонгда отилган ўқ
2026 йилнинг 12 марти. Рўза кунлари. Соат тахминан 4:00. Мингбулоқ туманидаги Қорашаҳар маҳалласида яшовчи Маҳмуд (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) саҳарлик қилиш ниятида уйғониб, ташқарига чиқди.
Атроф қоронғи, фақат ҳовлининг чироқ ёқилган қисми ёруғ эди. Маҳмуд юз-қўлини ювишга чоғланган пайтда кутилмаганда айвон томондан милтиқ овози эшитилди. Унга чамаси 10 метр наридан кимдир ўқ узганди.
Барчаси сониялар ичида содир бўлди: Маҳмуд нима бўлганини англамай ҳам қолди ва кўксини чангаллаб йиқилди. У ҳушидан кетганди. Милтиқ овозини эшитган аёл уйдан югуриб чиқди ва эрининг қонга беланиб ётганини кўрди. У шовқин кўтариб, атрофдагиларни ёрдамга чақира бошлади.
Бу пайтда милтиқ кўтарган одам ҳовлига қандай яширинча кирган бўлса, шундай чиқиб кетганди.
Ҳодиса жойига қўни-қўшнилар йиғилди. Маҳмуд тезкорлик билан шифохонага олиб кетилиб, жонлантириш бўлимига ётқизилди. Ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Мулк низоси
Маҳмуднинг отиб кетилгани хабари тонгда бутун маҳаллага тарқалди. Одамлар уни ким отганини муҳокама қилишарди. Кўп ўтмай, бу ишни ким қилгани ойдинлашди: у бегона эмас, Маҳмуднинг 73 ёшли амакиси Мансур Ҳамроев эди.
Амаки ўз жияни билан уй масаласида низолашиб келган. Гарчи эгалик ҳуқуқи Маҳмуднинг отасига тегишли бўлса-да, Мансур Ҳамроев уйнинг бир қисми ўзига тегишли эканини даъво қилиб келган.
Мансур Ҳамроев 2025 йил 22 май куни Наманган туманлараро маъмурий судига ариза киритган. У аризада Мингбулоқ тумани ҳокимининг 2020 йил январдаги қарори бир қисмини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Бироқ суд унинг даъвосини рад этган. Амаки бундан қаттиқ ғазабланган ва ушбу ҳолатда жиянини айбли деб ҳисоблаб, уни ўлдириш ва уйга эга чиқиш бўйича режа тузган.
Қабристондаги милтиқ
Мансур Ҳамроев қабристонда ишлаган. У қабристондаги бинода сандиқ ичида рухсатномаси бўлмаган ов милтиғи ва бир дона ўқ сақлаб келган.
Амаки ана шу ов милтиғи билан қуролланиб, 12 март куни ярим тунда жиянининг уйига келган. У ҳовлига яширинча кириб, уйнинг айвон қисмига беркинган ҳамда Маҳмуднинг уйдан чиқишини кута бошлаган.
Кўп ўтмай жияни ташқарига чиққан ва хонадоннинг ҳовли қисмида юз-қўлини юва бошлаган. Шунда Мансур Ҳамроев қулай фурсат келганини тушуниб, ов қуроли билан жиянига қарата ўқ узган. Сўнгра жиянининг турмуш ўртоғи югуриб чиқиб шовқин кўтара бошлаганидан қўрқиб кетиб, ҳодиса жойидан қочиб яширинган.









