Ички ишлар вазирининг “Маҳкумларни жазони ижро этиш муассасасига жўнатиш ҳамда уларни бир муассасадан бошқасига кўчириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди.

Ҳужжат 2026 йил 26 августда 2608-3-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди ва 27 августдан кучга кирди.

Янги тартибга кўра, низомда белгиланган айрим ҳолатларда маҳкумни бошқа муассасага кўчириш учун асос бўлган ҳужжатлар Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти томонидан кўриб чиқилади.

Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижасида департаментнинг тегишли хизмати хулоса тузади. Ушбу хулоса Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи, у бўлмаган тақдирда эса унинг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Шунингдек, маҳкумни бир муассасадан бошқа шу турдаги муассасага кўчириш Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи ёки унинг биринчи ўринбосари тасдиқлаган хулоса ёхуд суд қарори асосида амалга оширилади.

Бунда кўчириш Жазони ижро этиш департаменти Махсус ҳисоб бошқармаси тайёрлаган тақсимотга мувофиқ бажарилади.

Низомга масофавий видео-учрашувларга оид қўшимча ҳам киритилди. Бу ўзгариш 2026 йил январда Жиноят-ижроия кодексига жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумлар учун масофавий видео-учрашувлар ўтказиш имкониятини яратиш мақсадида киритилган қонунчилик ўзгаришларига мувофиқ амалга оширилди.