Иқтисодиёт | 09:38 / 15.11.2016
13106
5 дақиқада ўқилади

«Қишлоқ қурилиш банк»да мурожаатлар билан ишлаш бўйича бошқарма ташкил қилинди

2014 йил декабрь ойида қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш мақсадида 2016 йил 24 сентябрдан ишга туширилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Интернет тармоғидаги электрон қабулхонаси мазкур қонун ижро этилишини жадаллаштиришга қаратилган замонавий ва ўзига хос ёндошув бўлди.

Мурожаатлар билан ишлаш тизимини давлат сиёсатининг энг устувор йўналишлардан бири сифатида янада такомиллаштириш мақсадида 2016 йил 27 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳар ва туман ҳокимларининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фото:qishloqqurilishbank.uz

Акциядорлик тижорат “Қишлоқ қурилиш банк” тизимида ҳам жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини тубдан такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур масала банк Бошқарувининг қатор мажлисларида муҳокама қилиниб, банк тузилмаларининг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги фаолияти танқидий кўриб чиқилди. Шунингдек, банк марказий аппаратида Мурожаатлар билан ишлаш бўйича Ишчи гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди.

“Қишлоқ қурилиш банк” тизимида мурожаатлар билан ишлашнинг сифати ва натижадорлигини ошириш мақсадида банк Бошқаруви қарорига асосан янги тузилма - Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бошқармаси ташкил қилинди. Мазкур бошқармага тегишли штат бирликлари ажратилиб, уларга малакали кадрлар ишга жалб этилди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бошқармасига:

- жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг ариза, шикоят ва мурожаатларини кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш;

- Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасидан тушаётган ҳар бир мурожаатни амалий ҳал этиш чораларини кўриш ҳамда уларнинг ижросини ҳар куни танқидий муҳокама қилиб бориш;

- ёзма (электрон) ва оғзаки мурожаатларнинг (жумладан, барча ходимларнинг ишга ва ўз лавозим йўриқномасига бўлган масъулияти, мижозларга кўрсатилаётган банк хизматларининг сифати, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар, филиаллар томонидан кредитлар ажратиш, муддати келган омонатларни мижозларнинг биринчи талабига кўра берилишини таъминлаш, пластик карточкалардан белгиланган тартибда нақд пул маблағларини бериш, банк тизимига оид бошқа масалалар бўйича), шунингдек такрорий мурожаатларнинг кўпайиши сабабларини ўрганиб бориш, келгусида уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш, хат ва аризаларни кўриб чиқиш муддатларининг асоссиз узайтирилишига йўл қўймаслик чораларини кўриб бориш;

- жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, уларнинг мурожаатларини қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилиши устидан назорат ўрнатиш;

- мурожаатлар кўпайган маҳалла фуқаролар йиғинлари ва қишлоқ фуқаролар йиғинларида мунтазам равишда учрашувлар ташкил этиб бориш, мазкур учрашувларда жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакиллари томонидан кўтарилган барча масалаларни жойида амалдаги қонунчиликка мувофиқ ижобий ҳал этиш;

- кичик бизнес субъектларига, тадбиркор аёлларга, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш мақсадларига, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга кредит ажратиш масалаларида келиб тушаётган мурожаатларни дарҳол ҳал қилиш, уларнинг рўйхатини юритиш ва банк ходимларининг амалдаги қонунларга қатъий риоя қилишлари устидан назоратни кучайтириш вазифалари юклатилди.

Мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини изчил такомиллаштириб бориш, бу борада сансалорликка йўл қўймаслик ва мурожаатларнинг ечимини ўз вақтида ҳал этиш АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” фаолиятининг энг муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолади.

Банк Ахборот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида.

Мавзуга оид