Адлия вазирлиги маълумотига кўра, банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Идоравий ҳужжат 2026 йил 20 октябрда 3420-3 рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Янги тартибга мувофиқ, тадбиркорга нисбатан санация, ташқи бошқарув ёки тугатиш тартиб-таомили жорий этилса, унинг маблағларини бошқариш учун банкда махсус ҳисобварақ очилади.

Бунда тадбиркорнинг асосий ва иккиламчи ҳисобварақлари бўйича чиқим операциялари тўхтатилади. Улардаги мавжуд маблағлар, шунингдек, кейинчалик келиб тушадиган пуллар махсус ҳисобвараққа ўтказилади.

Асосий ва иккиламчи ҳисобварақларга қўйилган банд тўлов ҳужжатлари, жумладан, инкассо топшириқномалари ҳамда банд солиш тўғрисидаги қарорлар уларни қўйган ташкилот ва органларга ижросиз қайтарилади.

Махсус ҳисобварақдаги маблағлардан эса фақат мижознинг ёки суд бошқарувчисининг тўлов топшириқномаси асосида фойдаланилади. Адлия вазирлиги мазкур чоралар оғир молиявий аҳволга тушган тадбиркорларнинг фаолиятини тиклашга хизмат қилишини қайд этган.

Ўзгартишлар фуқаролар учун ҳам қатор қулайликларни назарда тутади. Энди улар ўзининг барча банк ҳисобварақлари ҳақидаги маълумотларни исталган банкдан олиши мумкин. Илгари бундай маълумот фақат асосий ҳисобварақ очилган банкдан берилар эди.

Бундан ташқари, банк ҳисобварақларини очишда шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида хорижга чиқиш биометрик паспортидан ҳам фойдаланиш имконияти яратилди.