2026 йил сентябр ойида қўмита жами 8 марта йиғилиш ўтказиб, 37 та масалани кўриб чиққан ва тегишли қарорлар қабул қилган.
Шундан 21 таси рўйхатга олиш ва рухсат бериш билан боғлиқ бўлган. Жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартишларни рўйхатдан ўтказиш, микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатига олиш, аккредитация ва тўлов ташкилотига лицензия бериш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, кредит ташкилотлари устав фондидаги улушга эгалик қилиш учун рухсат бериш ҳамда банклар кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, муҳим аҳамиятга эга ходимлари лавозимларига номзодлар кўриб чиқилган.
Кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир яна 16 та масала муҳокама қилинган. Улар Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрларга риоя этилиши, банк ва нобанк кредит ташкилотларидаги инспекция текширувлари натижаларини қамраб олган.
Бундан ташқари, молиявий хизматларни «тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Хабарда жаримага тортилган банкларнинг номлари ва жарима миқдорлари очиқланмаган.














