Бир иловада картадан картага пул ўтказиш бепул, бошқасида маълум лимитгача комиссия олинмайди, яна бирида эса ҳар бир ўтказма пулли. Бир хил кўринган хизмат учун нега турлича тариф белгиланади? Бепул ўтказманинг харажатини ким қоплайди?
15 октябр куни Марказий банкда молиявий хизматлардаги комиссияларга бағишланган давра суҳбатида банклар ва тўлов ташкилотлари вакиллари шу саволларга ўз бизнес модели нуқтайи назаридан жавоб берди.
“Нол комиссия — харажат йўқ дегани эмас”
Click асосчиси ва раҳбари Улуғбек Рустамовнинг тушунтиришича, картадан картага пул ўтказишда бир нечта иштирокчи — банк, процессинг тизими ва тўлов ташкилоти хизмат кўрсатади. Мижоз тўлайдиган комиссия шу занжирдаги тўловлар ҳамда хизматни таъминлаш харажатлари билан боғлиқ. Мижоз учун бепул ўтказма таклиф қилаётган ташкилот бу харажатларни ўз зиммасига олади.
“Ҳар битта P2P бўлганда процессинг тизими бор, банк бор ва тўлов ташкилоти бор. Буларнинг ҳаммасининг комиссиялари йиғиндиси ҳозир шу комиссияни ташкил қилади. Бундан ташқари, кўп ташкилотлар ёки банклар бу комиссияни ўз ҳисобидан қоплаб бериши мумкин. Кимдир нол комиссия беряпти дегани — бу шунчаки топаётган фойдасидан воз кечяпти дегани эмас. Кўплар буни маркетинг харажатлари деб ҳисоблайди”, — деди Рустамов.

У банклар билан тўлов ташкилотларининг даромад олиш имкониятлари турлича эканини таъкидлади. Банк мижоз билан муносабатдан бошқа йўналишларда ҳам даромад олиши, шу ҳисобидан ўтказмани бепул қилиши мумкин. Click эса картадан картага ўтказмаларда комиссияга кўпроқ боғлиқ эканини билдирди.
“Биз тўлов ташкилотимиз. Тўлов ташкилоти жуда паст маржали, жуда кичкина комиссияда ишлайдиган компания ҳисобланади. Бизда мана шу комиссиядан бошқа топадиган пулимиз йўқ. Яъни, агар биз кимгадир кредит берганимизда ёки мижозларнинг турган пулини айлантириб, бошқа нарса қилганимизда, балки бу комиссияни [қоплашнинг] иложи бўларди”, — деди у.
Рустамов банклар мижозларнинг картадаги маблағларини ресурс сифатида ишлата олишини бепул ўтказмаларни молиялаштириш имкониятларидан бири сифатида келтирди. Унинг сўзларига кўра, банкнинг мақсади фақат битта ўтказмадан даромад олиш билан чекланмайди: мижоз унинг картасидан фойдаланиши ва пулини шу банкда сақлаши ҳам манфаат келтиради.

















