Ўзбекистон | 17:33 / 29.11.2016
37794
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мудофаа вазири: Россия Ўзбекистоннинг асосий стратегик ҳамкори

Фото: mil.ru

Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-полковник Қобул Бердиевнинг баёнот беришича, Россия Ўзбекистон учун асосий стратегик ҳамкор ҳисобланади. У россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан учрашувида шундай фикрни билдирган. 

"Бизни Россия билан жуда кўп нарса боғлаб туради. Айтиш мумкинки, боғлаб туради эмас, балки биз қандайдир бўлинмаганмиз. Балки, ўзаро ҳамкорлигимиз унчалик ҳам фаол бўлмаган даврлар бўлгандир, бироқ, биз ҳар доим Россия билан биргамиз, Россия биз учун асосий стратегик ҳамкордир", — деган Бердиев.

У шунингдек, ўзбек офицерлари ва курсантларига Россия ҳарбий ўқув билим юртларида таълим берилишининг қайта бошланиши муносабати билан ҳам ҳамкасбига миннатдорчилик билдирган. Ўқув жараёнларига 2012 йилда барҳам берилган эди. 

Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирларининг учрашувида икки давлат ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича шартнома имзолангани ҳақида аввалроқ хабар қилинган эди. 

Мавзуга оид