Жаҳон | 09:39 / 03.12.2016
7409
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Барак Обама президентликдан кейин журналист бўлиши мумкин

© EPA/Andrew Harrer / POOL

АҚШ президенти Барак Обама рақамли ОАВда фаолият олиб бориш ҳамда ҳокимиятни топширганидан кейин ўз медиакомпаниясини ташкил этиш борасида бош қотирмоқда. Mic тармоқ ресурси ўзининг кўп сонли манбаларига таянган ҳолда шу ҳақда жар солмоқда. Бироқ, Оқ уй маъмурияти бу хабарларни тасдиқламаган. 

Маълумотларга кўра, Оқ уйнинг коммуникациялар бўйича директори Жен Псаки расман бу хабарни рад этган. У нашрга юборган баёнотида, Барак Обаманинг ўз лавозимини тарк этгач, медиабизнес билан шуғулланиш нияти йўқлигини таъкидлаган. 

Аммо, нашрнинг уқдиришича, Обаманинг келгуси фаолияти, гарчи у ўз медиакомпаниясига асос солиш ниятидан бироз совуган бўлса-да, ОАВга қаратилган бўлади. Нашр суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, яқинда Перуда бўлиб ўтган ОТИҲ саммитида қатнашган Обама Facebook асосчиси Марк Цукерберг билан махфий равишда учрашган.

Mic сайти ўз фикрини исботи сифатида Барак Обаманинг сўнгги пайтларда ОАВ ҳақида билдираётган сўзларини келтиради. У "ОАВнинг хавфли ҳолати хусусида кўп фикр юритаётгани ҳамда бу жараённи тузатишда ўзи ҳам иштирок этишни хоҳлаётгани борасида" бир неча марта қарашларини билдирган эди.


 

Мавзуга оид