17:17 / 14.12.2016
4597

2016 йилнинг ўтган даври мобайнида 150га яқин журналист ҳалок бўлган

Фото: AP

2016 йил бошидан буён дунёнинг 31 мамлакатида 144 нафар журналист ҳаётдан кўз юмган. Сўнгги ўн йил мобайнида ОАВ ходимлари орасида бунчалик кўп қурбон берилмаган эди, дейилади Press Emblem Campaign ташкилотининг Женевада эълон қилган ҳисоботида. 

Турли можаролар бўлаётган ҳудудларда журналистлар хавфсизлигини таъминлаш борасида жаҳон ҳамжамиятидан амалий чоралар кўришни сўраётган PEC ноҳукумат ташкилотининг аниқлик киритишича, ҳалок бўлган журналистларнинг 20 нафари бразилияликлар бўлиб, улар 29 ноябрда Колумбияда юз берган авиаҳалокат қурбони бўлишган. 

Умуман, ОАВ учун энг хавфли ҳудудлар рўйхатига Ироқ етакчилик қилмоқда. Бу ерда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 16 нафар матбуот ходими ҳалок бўлган. Биринчи бешликка - Сурия (14), Афғонистон (12), Мексика (12) ва Яман (9) киритилган. PEC маълумотларига кўра, Россия уч нафар, Украинада икки нафар журналист ўз хизмат вазифасини ўтаётган вақтда ҳалок бўлган. 

Таъкидланишича, 2016 йилда журналистлик фаолиятини олиб бориш учун энг хавфли минтақалар сифатида Яқин шарқ ва Шимолий Африка қайд этилган. Бу ҳудудда жами 44 журналист ҳаёти билан видолашган. 2012 йилдан буён Сурия уруши 100 нафар журналист умрига зомин бўлган, Ироқда сўнгги беш йилда 55 нафар, Покистонда - 50, Мексикада - 46, Сомалида 41 журналист ҳаётдан кўз юмган.

2004 йилда ташкил этилган Press Emblem Campaign БМТ ҳузурида тавсия мақомига эга. У даврий равишда ўз ҳисоботларини Женевада эълон қилиб туради. 

 

Top