Visual Capitalist дунё мамлакатларидаги ишсизлик даражасига бағишланган инфографикани эълон қилди. Харита Халқаро валюта жамғармасининг «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари» — World Economic Outlook ҳисоботининг 2026 йил октябр ойидаги маълумотлари асосида тайёрланган.

Унда 103 мамлакатнинг 2026 йил учун прогноз кўрсаткичлари келтирилган. Мамлакатлар ўртасидаги катта тафовутлар иқтисодий ўсиш суръатлари, демографик вазият ва миллий меҳнат бозорларининг хусусиятлари билан боғлиқ.

Харитага киритилган давлатлар орасида энг юқори ишсизлик Суданда кутилмоқда — 59,5 фоиз. Таҳлилда бу кўрсаткич мамлакатда узоқ давом этаётган можаронинг иқтисодиётга етказган оғир зарари билан изоҳланган.

Иккинчи ўринда Жанубий Африка Республикаси турибди. Бу ерда ишсизлик 33,2 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган. Меҳнат бозоридаги узоқ йиллик тузилмавий муаммолар миллионлаб одамларнинг иш топишига тўсқинлик қилмоқда.

Ишсизлик муаммоси иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларда ҳам сезиларли. Айниқса, Европа давлатлари ўртасидаги фарқлар катта.

Масалан, Финландияда 2026 йил учун ишсизлик даражаси 10,2 фоиз деб прогноз қилинган. Полшада эса бу кўрсаткич 3,2 фоиз бўлиши кутилмоқда. Демак, Финландиядаги ишсизлик даражаси Полшаникидан уч баробардан ҳам юқори.

Финландия меҳнат бозорига ички талабнинг сустлиги ва қурилиш соҳасидаги узоққа чўзилган пасайиш таъсир қилмоқда. Бу омиллар корхоналарнинг янги ходимларни ишга қабул қилиш имкониятларини чекламоқда.

Францияда ишсизлик 8,4 фоиз, Германияда эса 4 фоиз бўлиши прогноз қилинган. Франциянинг кўрсаткичи Германияникидан икки баробардан зиёд юқори. Айни вақтда Германия саноатида ҳам қийинчиликлар сақланиб қолмоқда.

АҚШ меҳнат бозорида эса бошқача ҳолат кузатилмоқда. Мамлакатда ҳам янги ходимларни ишга олиш, ҳам ишдан бўшатиш фаоллиги паст.

Шу сабабли оммавий қисқартиришлар кузатилмаётган бўлса-да, янги иш топиш тобора қийинлашмоқда. Яъни ишлаётганлар ўз ўрнини сақлаб қолаётган бир пайтда, иш қидираётганлар учун имкониятлар чекланмоқда.

Таиланд, Вьетнам, Япония ва Россия расмий ишсизлик даражаси паст мамлакатлар қаторида келтирилган. Хитой ва Ҳиндистонда ҳам умумий кўрсаткичлар нисбатан паст.