Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Европа Иттифоқи молиявий кўмагида ўтказилган “Ўзбекистонда медиаистеъмол бўйича миллий тадқиқот” ҳисоботини эълон қилди.

Тадқиқот “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан 2026 йилнинг 8–19 сентябр кунлари ўтказилган сўров натижаларига асосланган. Сўровда Ўзбекистоннинг барча 14 та ҳудудидан 18 ёш ва ундан катта 1411 нафар респондент иштирок этган.

Тадқиқот доирасида, жумладан, онлайн матбуот ўқувчилари қайси янгиликлар сайтларини кўпроқ ўқиши ўрганилган. Унда Kun.uz сайти 74,7 фоиз кўрсаткич билан биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринларда Daryo.uz (43,5 фоиз), Qalampir.uz (36,8 фоиз) ва Gazeta.uz (20,4 фоиз) қайд этилган.

Тадқиқот натижалари Kun.uz аудиторияси турли ижтимоий-демографик гуруҳларни қамраб олишини ҳам кўрсатди. Хусусан, сўровномада қатнашган янгиликлар сайти ўқувчилари орасида эркакларнинг 82,7 фоизи, аёлларнинг эса 66,9 фоизи Kun.uzʼни танлаган. Бу ҳар икки гуруҳдаги энг юқори кўрсаткичдир.

Ёш тоифалари бўйича бу қуйидагича шаклланган:

  • 18–24 ёшдагилар — 76,1 фоиз;

  • 25–34 ёшдагилар — 78,1 фоиз;

  • 35–44 ёшдагилар — 75,8 фоиз;

  • 45–54 ёшдагилар — 69,6 фоиз;

  • 55 ёш ва ундан катталар — 70 фоиз.

Ҳудудий натижалар ҳам Kun.uz мамлакатнинг барча минтақаларида энг оммабоп онлайн-нашр эканини кўрсатди. Нашр ўқувчиларининг улуши Хоразм вилоятида 90,5 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида 88,2 фоиз, Сурхондарё вилоятида 84,6 фоиз, Сирдарё вилоятида 84 фоиз ҳамда Наманган вилоятида 82,4 фоизни ташкил этган. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич — 66,7 фоиз.

Kun.uz шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасида ҳам етакчи. Хусусан, шаҳарлардаги онлайн матбуот ўқувчиларининг 73,5 фоизи, қишлоқлардаги ўқувчиларнинг эса 75,9 фоизи кўп ўқийдиган платформалари қаторида Kun.uz’ни кўрсатган.