Россия Тергов қўмитасининг Кабардино-Балкария бўйича бошқармаси маълумотига кўра, Элбрус чўққисига икки гуруҳ — етти нафар хорижлик ва икки нафар россиялик алпинист кўтарилган.
Минтақа Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Элбрус 07» Telegram-канали маълумотларига таяниб, биринчи гуруҳдаги Босния ва Ҳерцеговинанинг беш нафар фуқароси, иккинчи гуруҳда эса яна бир киши ҳалок бўлганини маълум қилган.
Етти кишидан фақат икки нафари омон қолди
25 июл куни кечқурун об-ҳаво кескин ёмонлашиши оқибатида етти нафар боснияликдан иборат гуруҳ белгиланган йўналишдан адашиб қолган.
Алпинистлардан бири пастга тушишга муваффақ бўлиб, 5100 метр баландликда гуруҳнинг икки аъзоси ўзини ёмон ҳис қилгани ва кейинчалик вафот этгани ҳақида хабар берган.
Қутқарув ишлари давомида мутахассислар гуруҳнинг яна бир тирик қолган аъзосини топган. Шунингдек, яна уч нафар алпинистнинг жасади аниқланган. Шу тариқа етти кишилик гуруҳдан икки киши омон қолган, беш киши ҳалок бўлган.
Шамол тезлиги соатига 70 километрга етган
Baza Telegram-канали маълумотларига кўра, босниялик алпинистлар гуруҳи расман рўйхатдан ўтган ва унинг аъзолари тоғларга чиқиш тажрибасига эга бўлган.
Бироқ Элбрусда об-ҳаво жуда тез ёмонлашган. Шамол тезлиги соатига тахминан 70 километргача кучайган ва қор бўрони бошланган. Хабарда айнан оғир об-ҳаво шароити фожианинг асосий сабаби сифатида кўрсатилмоқда.
Босния ва Ҳерцеговина ОАВ маълумотларига кўра, экспедициянинг етти нафар аъзоси мамлакат марказидаги Зеница шаҳрида яшаган. Улар орасида эр-хотин ва шифокор аёл ҳам бўлган.
Россия давлат ахборот агентликлари маълумотларига кўра, ёмон об-ҳаво туфайли камида уч нафар ҳалок бўлган алпинистнинг жасадини ҳозирча тоғдан олиб тушиш имкони бўлмаган.
Ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитасининг минтақавий бошқармаси икки ёки ундан ортиқ шахснинг эҳтиётсизлик оқибатида ўлимига сабаб бўлиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган.
Иккинчи гуруҳда ҳам бир киши ҳалок бўлди
26 июл куни Элбрусга кўтарилган яна икки нафар алпинист 5300 метр баландликда ёрдам сўраган.
Қутқарувчилар етиб келгунига қадар улардан бири вафот этган, иккинчиси эса эвакуация қилинган.
Baza маълумотига кўра, улар Ставропол ўлкаси ва Тула вилоятидан келган сайёҳлар бўлган. Улардан бири совуқ қотиши оқибатида ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Унинг жасади ҳам об-ҳаво шароити оғирлиги сабабли ҳозирча тоғда қолмоқда.
Элбрус ҳақида
Элбрус Россия ва Европанинг энг баланд тоғи ҳисобланади. Унинг икки чўққиси мавжуд: Шарқий чўққи баландлиги 5621 метр, Ғарбий чўққи эса 5642 метрни ташкил этади.
Икки чўққи 5416 метр баландликдаги нисбатан текис эгарсимон қисм билан ажралиб туради. Чўққилар орасидаги масофа тахминан 1,5 километрни ташкил этади.
Элбрусдаги осма йўл сайёҳларни 3847 метр баландликкача олиб чиқади. Ундан юқорига алпинистлар пиёда ёки махсус гусеницали транспорт воситаларида ҳаракатланади.











