Аршнинг соясидан жой оладиган етти тоифа кишилар ҳақида биласизми? Бу етти хислат ҳақиқий, комил мўмин бандаларнинг ҳар бирида мужассам бўлиши зарур бўлган сифатлардир.

عن ابى هريرة رضى الله عنه عن النبى صلى الله عليه وسلم قال "سبعة يظلهم الله فى ظله يوم لاظل الا ظله : الامام العادل و شاب نشاء فى عبادة ربه, و رجل قلبه معلق فى المساجد, و رجلان تحابا فى الله اجتمعا عليه و تفرقا عليه و رجلطلبته ذات منصب و جمال فقال انى اخاف الله, و رجل تصدق اخفى حتى لاتعلم شماله ما تنفق يمينه و رجل ذكرالله خاليا فعاضت عيناه" (متفق عليه

Маъноси: Етти нафар кишини Аллоҳ таоло қиёмат куни ўз Аршининг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда соя тагига олади. Булар: 1. Одил Имом; 2. Аллоҳнинг ибодати билан машғул бўлган йигит; 3. Қалби масжидга доимо боғланган киши; 4. Аллоҳ учун дўстлашган кишилар. Улар Аллоҳ йўлида дўстлашиб, Аллоҳ учун ажраладилар; 5. Гўзал ва аслзода хотин зинога чақирганда мен Аллоҳдан қўрқаман деб бормаган киши; 6. Садақасини махфий қилиб берган киши, садақани шу даражада махфий қилганки, ҳатто ўнг қўли билан берган садақасини чап қўли билмайди; 7. Ҳеч ким йўқ, холи жойда Аллоҳни эслаб кўз ёш тўккан киши”.  Бу ҳадисни Имом Бухорий ва Муслим Саҳиҳ китобларида ривоят қилишган.

Қуйида бу етти нафар шахсларни ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтамиз. Уларнинг биринчиси Одил Имомдир. Яъни одил раҳбар ё бошлиқ. Унинг биринчи ўринга қўйилишини сабаби дунё ҳаётининг яхши бориши, фуқароларнинг яхши яшаши жамиятнинг покиза бўлиши – уларнинг адолатига боғлиқ. Зеро хабарда шундай марҳамат қилинади:

"قوام الدنيا باربعة اشياء اولها بعلم العلماء و الثانى بعدل الامراء و الثالث بسخاوة الاغنياء و الرابع بدعاء الفقراء".

“Дунёнинг асоси тўрт нарсага боғлиқ: 1 – Олимларнинг илмига; 2 – Амирларнинг адолатига; 3 – Бойларнинг сахийлигига; 4 – Камбағалларнинг дуосига”.

Амирларни (раҳбарларни) энг аъло хулқи адолатдир. Шунинг учун ҳам қиёмат кунида амирлардан энг аввал адолатидан сўралади. Бу хусусда шундай дейилади:   "اول ما يحاسب الامراء العدل" Яъни: “Амирлар биринчи бўлиб адолатдан ҳисоб-китоб қилинадилар”.

Қуръони каримда марҳамат қилинади:  "ان الله يامر بالعدل و الاحسان..." “Аллоҳ таоло сизларни адолатга ва яхшилик қилишга буюради” (Наҳл сураси – 90 оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг ушбу ҳадиси шарифлари ҳам шунга далолат қилади:

"عدل ساعة خير من عبادة ستين سنة قام ليلها و صام نهارها"