Араблар нега бунча фаол?
Кўпчилик Исроил ҳақида гапирганда бу давлат аҳолисининг камида 21 фоизи араблар эканини унутиб қўяди. Арабларнинг Исроилда бир нечта партияси ҳам бор. Бу йилги сайловларда ана шу Исроил араблари ҳаммани ҳайрон қолдирди. Улар яшайдиган шаҳарларда давомат фавқулодда юқори бўлди. Одамлар эрталабдан участкага бориб, ўз партиясига овоз берди. Нетаняҳу сайлов куни араблар фаоллигидан ғазабланиб, ўз тарафдорларини «тез уйдан чиқиб овоз беришга» чақирди.
Исроилда арабларни ҳукуматга қўйишмайди. Лекин бу давлатда демократик институтлар ишлагани учун араблар ҳуқуқини чеклаш ҳам имконсиз. Албатта, Нетаняҳу, Смотрич ва уларнинг радикал тарафдорларига қолса, арабларни ҳайдаб чиқарган бўлишарди, бироқ давлат фақат улардан иборат эмас.
Исроил асос солинганидан буён Фаластин ерларини эгаллаб келади. Босиб олинган ерлардаги одамларнинг ҳаммаси ҳам чиқиб кетмайди-ку, ана шу қолганлар Исроил фуқароси сифатида яшашни давом эттирган. Ҳозир Исроилда 2,2 миллионга яқин араб яшайди. Ва бу араблар Фаластиндаги араблардан ҳеч қандай фарқ қилмайди, бир хил одамлар, друзларни инобатга олмаса, албатта.
Ана шу араблар Нетаняҳу ҳукумати Фаластинни нима аҳволга солганини кўрди. Сайлов улар учун Нетаняҳуга қарши эканини кўрсатиш учун қонуний имкон эди. Араблар ҳар қачонгидан фаол бўлиб, ўз партияларини қўллади. Натижада Нетаняҳу жазавага тушиб, постлар эълон қилди. Ҳозирги ҳисоб-китобга кўра, араблар парламентда 19 депутатлик ўрнига эга бўлмоқда. Ҳукмрон блок ҳам, мухолифат ҳам керакли 61 овоз ололмаган, энди араблар қўлида яхшигина сиёсий куч бор.
Икки конвертли овозлар
Кеча сайлов натижаларини тез ҳисоблашганди, лекин озгина овоз натижалари чиқмаяпти. Ажабланмаса ҳам бўлади, бу икки конвертли овозлар, уларни ҳисоблаш вақт олади. Яъни ҳарбийлар, дипломатлар, касалхонадагилар, маҳбуслар, рўйхатдаги участкадан бошқа жойда овоз беришга рухсат берилган фуқаролар. Чалкаштириб юборманг, гап чет элдаги исроилликлар овози ҳақида кетмаяпти. Чет элда бўлган Исроил фуқаролари сайловда овоз беролмайди, тартиб шунақа.
Демак, икки конвертли овозлар ҳисоблаш жараёни давом этмоқда. Бу турли ҳисоб-китобларга кўра, 400 мингдан кўпроқ одам дегани. Нега икки конвертли? Чиндан қутига ташланган бюллитен икки конвертли бўлади. Биринчи конвертда овоз берган одам исми ва манзили ёзилган бўлади. Биринчи конверт очилгач, бу одам ўзининг асосий участкасида овоз берган-бермагани текширилади. Кейин иккинчи конвертдаги овозни қайд этишади. Ана шу жараён кўпроқ вақт олади.















