Ўзбекистон ичимликлар бозорида янги маҳсулот – Elevíva тақдим этилди. Family Group компаниясига тегишли бу бренд навбатдаги маҳсулот бўлиб, унгача компания ўзбекистонликлар орасида оммалашган RC Cola, Flavis, ArkTea, Fensi ва яна бошқа кўплаб маҳсулотларни тақдим этган. Компания раҳбарияти янги маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида асептик қуйиш технологиясидан фойдаланилаётганини маълум қилди. Мазкур усул ичимликни консервантсиз тайёрлаш ва уни махсус тозаланган қадоққа қуйиш имконини беради. Kun.uz мухбири ишлаб чиқариш босқичлари, сув ва хомашё назорати ҳамда тайёр маҳсулот сифати қандай текширилиши билан танишди.
Асептик қуйиш нима?
Elevíva ишлаб чиқариш линиясининг асосий хусусиятларидан бири асептик қуйиш технологиясидан фойдаланиш ҳисобланади. Оддий қилиб айтганда, мазкур турдаги фаолиятда маҳсулот ва қадоқнинг микробиологик хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун ичимлик қуйиладиган PET қадоқлар ва преформалар олдиндан махсус ишловдан ўтказилади.
Завод вакилларининг тушунтиришича, PET қадоқлар водород пероксиднинг газсимон фракцияси ёрдамида тозаланади. Сўнгра ичимлик аввалдан тайёрланган қадоққа қуйилади. Компания ушбу технология орқали маҳсулотни консервантларсиз ишлаб чиқариш имконияти ҳозирланганини таъкидламоқда.
Консервантлардан фойдаланмаслик эса ишлаб чиқариш технологиясига қўйиладиган талабларни оширади. Бунда маҳсулотнинг қадоқланиши, умумий муҳит ва хомашё сифати доимий назорат қилиниши керак. Корхона вакилларининг сўзларига кўра, асептик линиядан фойдаланиш маҳсулотнинг таннархига ҳам таъсир қилади. Шу боис, Elevíva премиум сегментга йўналтирилган ичимлик сифатида тақдим этилмоқда.

Маҳсулот учун сув қаердан олинади?
Ичимлик ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган сув алоҳида назоратда туради. Завод ҳудудида артезиан қудуқлари мавжуд бўлиб, марказий водопровод суви ишлатилмайди.
Ерости суви махсус филтрация тизимидан ўтказилади. Филтрациянинг ҳар бир босқичида сув лаборатория ходимлари томонидан текширилади ва сувнинг ишлаб чиқариш жараёнидаги ҳолати босқичма-босқич назорат қилиб борилади.
Бундан ташқари, заводга олиб кириладиган хомашё ҳам ишлаб чиқаришга қўйилишидан олдин сифат назоратидан ўтади. Лабораторияда, хусусан, шакарли сироплар, ярим тайёр маҳсулотлар ва тайёр ичимликларнинг физик-кимёвий кўрсаткичлари текширилади. Якунда маҳсулотлар микробиологик таҳлилга юборилади. Яъни назорат фақат маҳсулот тайёр бўлганидан кейин эмас, хомашё заводга келганидан бошлаб, ишлаб чиқаришнинг кейинги босқичларига қадар давом этади.














