Америкалик миллиардер Илон Маск томонидан орбитага 10 мингдан ортиқ сунъий йўлдош учириш орқали ишга туширилган ва гуруҳдаги аппаратлар сонини 42 мингтага етказиш ваъда қилинган Starlink сунъий йўлдош интернет тизими суверен давлатлар учун хавф туғдиради. «Интерфакс» хабарига кўра, Россия Хавфсизлик кенгаши мамлакат ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича илмий-эксперт кенгаши йиғилиши якунида шундай хулосага келган.
Хавфсизлик кенгашининг фикрича, «асосий хавф ва таҳдидлар» «ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш мақсадида суверен давлатлар ҳудуди устида Ғарб космик алоқа тизимларининг қўлланилиши» билан боғлиқ.
«Бу, биринчи навбатда, миллий иқтисодиётни жадал рақамлаштиришдан манфаатдор бўлган мамлакатларда ўз фаолиятини шиддат билан кенгайтираётган ҳамда кенг тарқалган Starlink ва OneWeb сунъий йўлдош алоқа хизматларига тааллуқлидир», — дейилади Хавфсизлик кенгаши баёнотида.
Шу муносабат билан, Хавфсизлик кенгашининг ҳисоблашича, Россия Starlink «муқобили» учун ўз космик аппаратларини «серияли ишлаб чиқаришни жадал суръатларда ошириши» зарур. Гап 2022 йилда ишлаб чиқила бошланган ва ҳозирча атиги 32 та сунъий йўлдошдан иборат «Рассвет» тизими ҳақида бормоқда. 2025 йил июнь ойида «Роскосмос» раҳбари Дмитрий Баканов биринчи босқичда «Рассвет» гуруҳи 350 та сунъий йўлдошни ўз ичига олишини ва бу 24/7 режимида глобал қамровни таъминлаш имконини беришини айтган эди. Келгусида гуруҳни 900 та сунъий йўлдошгача кенгайтириш режалаштирилган.











