17:18 / 23.01.2017
9856

Қирғизистон президенти жамоат жойларида сўкинишни тақиқловчи қонунга имзо чекди

Иллюстратив фото

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги” Кодекс тузатишларига имзо чекди, деб хабар беради давлат раҳбари девони ахборот сиёсати бўлими.

Эслатиб ўтамиз, жамоат жойларида сўкинганлик, фуқароларга тегажоғлик қилиш ва бошқа жамоат тартибини бузувчи шу каби ҳаракатлар энг кам иш ҳақининг 15 баравари миқдорида жаримага тортилиши орқали 8 соатлик жамоат ишларига жалб этиш ёки 5 суткалик маъмурий қамоқ билан жазоланади.
Вояга етмаган шахслар томонидан амалга оширилган майда безорилик унинг ота-онасига энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима солинишига олиб келади.

Иш жойида, корхона, ташкилот, муассаса ҳудудларида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ёки иш вақтида маст ҳолда юриш энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдоридаги жарима солинишига сабаб бўлади.

Кўчалар, стадионлар, майдонлар, кўп қаватли уйлар ҳовлисида, барча турдаги жамоат транспорти ва бошқа жамоат жойларида гиёҳванд ёки психотрон моддаларни, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ёки бундай жойларда маст ҳолда пайдо бўлиш 8 соатлик жамоат ишларига жалб этилган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдоридаги жаримага тортилинишига олиб келади. 

Маъмурий жавобгарлик чораси кўрилгандан сўнг, бир йил давомида худди шу ҳаракатларни такроран амалга ошириш энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима ва 8 соатлик жамоат ишларига жалб этишга олиб келади.

Агарда кўрсатилган ҳаракатлар бир йил давомида икки бор гиёҳванд ва психотроп моддаларни, шунингдек, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс томонидан амалга оширилса,  энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима ва 8 соатлик жамоат ишларига жалб этишга сабаб бўлади.

Жамоат жойларида вояга етмаганларнинг маст ҳолда пайдо бўлиши, шунингдек, улар томонидан гиёҳванд ёки психотроп моддалар ёхуд спиртли ичимликларнинг истеъмоли улар ота-онасига энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади.

Вояга етмаган шахсларни тиланчиликка жалб этиш, спиртли ичимликлар, гиёҳванд ёки психотроп бўлмаган, аммо интеллектуал фаолиятга таъсир ўтказувчи моддаларни истеъмол қилиш 8 соатлик жамоат ишларига жалб этиш ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача жаримага сабаб бўлади.
Ушбу тузатишлар учун 111 нафар депутат овоз берди. Қонун расман эълон қилингандан ўн кун ўтиб кучга киради.

Top