Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси Россия ТИВга «номаълум шахсларнинг фирибгарлик ҳаракатлари оқибатида» Россия армиясига тушиб қолган ўз фуқаросини ватанига қайтариш талаби билан нота йўллади. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВ сайтида маълум қилинди.

Элчихона мазкур ҳолат юзасидан «ҳар томонлама текширув» ўтказиш, айбдорларни аниқлаш ҳамда уларни қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортишни ҳам талаб қилган.

Баёнотда республика фуқаросининг исм-шарифи келтирилмаган, фақатгина бош ҳарфлари – «Э.Т.» экани келтирилган.

ОАВ ёзишича, гап Талас вилоятидан бўлган 21 ёшли Элистан Токтогулов ҳақида бормоқда.

Журналистлар маълумотига кўра, 2026 йил кузида Токтогулов ижтимоий тармоқларда Россиядаги иш бўйича эълонни учратган: ўзини қирғизистонлик деб таништирган шахс бир неча вакансия таклиф қилган, булар орасида юк машинаси ҳайдовчиси ва қўриқчи бўлиб ишлаш таклифлари бўлган, 110 минг рублгача (тахминан 1350 доллар) маош ваъда қилинган.

Токтогуловнинг яқинлари айтишича, Россияга етиб борганида унга алдов йўли билан РФ мудофаа вазирлиги билан шартномани имзолатишган.

Ҳозирда у Воронеж областидаги полигонда бўлиб тургани ва ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига юборишдан олдин тайёргарликдан ўтказилаётгани айтилмоқда.

3 ноябр куни йигитнинг қариндошлари Манасда пикет уюштиришди ва видеомурожаатда Мамлакат расмийларидан Токтогуловни уйига қайтаришда ёрдам сўради.

Қирғизистон ТИВ элчихона Э.Т.нинг қариндошлари билан доимий алоқада эканини ва ушбу масалани «алоҳида назоратда» ушлаб турганини таъкидлади.

Вазирлик, шунингдек, қирғизистонликларга «эҳтимолий салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида» шартнома ва бошқа битимларни имзолашдан олдин уларнинг мазмунини синчковлик билан ўрганиб чиқишни тавсия қилган.

  • Аввалроқ Қозоғистон ҳукумати ҳам ўз фуқароларини Россия армиясидан қайтариб олишга эришганди. Сентябр ойида Остона Россияга ишлаш учун келган ёшларни мажбурий ёллаш ҳақидаги хабарлардан сўнг Москвага дипломатик нота юборган, октябр ойида 10 дан ортиқ қозоғистонлик уйга қайтарилганди.