Президент Садир Жапаров Сайлов ва референдумлар ўтказиш бўйича марказий комиссияга давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини кўрсатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Қирғизистон МСК хабар берди.

Садир Жапаров сайловда ўзини ўзи кўрсатиш тартибида қатнашмоқчи.

10 ноябрь ҳолатига кўра, комиссияга президентлик лавозимига номзод кўрсатиш бўйича олтита ариза келиб тушган. Аввалроқ Аймен Касенов, Азамат Эсенбеков, Сийимиқ Жапиқеев, Акай Қидиров ва Исхақ Масалиев сайловда иштирок этиш ниятини билдирган эди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти сайловида номзодларни илгари суриш муддати жорий йилнинг 13 ноябрига қадар давом этади. Сайлов 2027 йил 27 январда бўлиб ўтади.

2026 йил 6 декабрда Садир Жапаров 58 ёшга тўлади.

У илк бор 2021 йил 10 январда муддатидан олдин ўтказилган сайловда 79,2 фоиз овоз тўплаб президент этиб сайланган. Ўша йилнинг 28 январида ўз лавозимига киришган.

У сайланган пайтда амалда бўлган Конституцияга кўра, ваколат муддати олти йил эди. 2021 йилда қабул қилинган янги Асосий қонун беш йиллик муддатни ҳамда президентлик лавозимини кетма-кет икки мартадан ортиқ эгаллаш мумкин эмаслигини назарда тутади. Конституциявий суд Садир Жапаровнинг олти йиллик муддати биринчи муддат сифатида ҳисобга олинишини тасдиқлади. Шу тариқа, бўлажак сайловларда у иккинчи, беш йиллик муддатга даъвогарлик қилмоқда.