Қирғизистон президенти Садир Жапаров «қўйнида тоши бор» «инсофсиз сиёсатчилар» республика жанубида қирғизлар билан ўзбеклар ўртасида миллатлараро низо чиқариш режаларини муҳокама қилаётганини айтди. Бундай провокаторларнинг мақсади — келгуси йилнинг январига белгиланган президентлик сайловини барбод қилиш учун тартибсизликлар келтириб чиқаришдир. Давлат раҳбарининг ижтимоий тармоқда ёзишича, бу каби маълумотлар «бир қатор манбалардан» келиб тушган.
Жапаровнинг сўзларига кўра, ҳозирча булар шунчаки гап-сўзлар, аммо бу маккор ниятларнинг амалга ошиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
«Гап шундаки, ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида низо чиқариш учун йўқ жойдан можаро қўзғатиш, одамларнинг ҳис-туйғулари билан ўйнашадиган ҳамда уларнинг миллий ғурурига тегадиган турли ёлғон миш-мишларни тарқатишнинг ўзи кифоя», — деб ўз фикрига ойдинлик киритди президент.
У мамлакат 1990- ва 2010- йилларда ҳам шундай фожиаларни бошдан кечирганини ёдга солди. Ўшанда тинч аҳоли ҳалок бўлган, бироқ миллатлараро тўқнашувларнинг ташкилотчилари ҳеч қандай жазо олмаган. Ахир, Жапаров таъкидлаганидек, улар ўзаро адоватни авж олдириб, ўзлари четда томошабин бўлиб, жараённи мамнуният билан кузатиб туради. Бунинг устига, ўша воқеалардан кейин оддий оилаларнинг фарзандларигина умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган.
Шу боис Жапаров бутун аҳолини — қирғизларни ҳам, ўзбекларни ҳам иғвогарона баёнотларга учмасликка ва ўзларини можароларга тортишларига йўл қўймасликка чақирди.
Президент оқсоқолларга алоҳида мурожаат қилиб, 20–25 ёшдаги қизиққон ёшларни миллатлараро тўқнашувлар қанчалик аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиришни илтимос қилди.
Шу билан бирга, республика раҳбари бугунги Қирғизистон аввалгидек ожиз давлат эмаслигини таъкидлади. Агар хавфли вазият юзага келса, «давлатнинг бир-икки кун ичида тартибсизликларга чек қўйишга кучи ҳам, имконияти ҳам етади».
Жапаровнинг ёзишича, «инсофсиз сиёсатчилар» илгари ҳам бошқа бузғунчи ғояларни илгари сурган. Унинг айтишича, халқ Хитой мавзусидаги иғволарга учмагач, икки қардош халқ — ўзбеклар ва қирғизларни бир-биридан ажратиш ҳамда уларни тўқнаштириш режалари пайдо бўлган. Президент ғанимлар сафида «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўли қурилиши якунланишидан хавфсираётганлар ҳам борлигини қўшимча қилиб, бундай кимсаларни «узоқни кўра олмайдиган, тор фикрлайдиган ва нияти бузуқ одамлар» деб атади.
У ҳозир ҳуқуқ-тартибот идораларининг техник имкониятлари кенг эканлигини, бутун мамлакат бўйлаб ўн минглаб видеокамералар ишлаб турганини эслатиб, мухолифларига таҳдид қилди. Шу боис ҳар қандай жиноий режа 40 дақиқа ичида фош этилади, деб ёзди давлат раҳбари.













