Жамият | 09:41 / 24.01.2017
87569
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик йигит мактаб болалари учун билим олиш стартапини ишга туширди

Доно халқимиз ҳар ким савобли ишни ҳар куни қилиши керак, деб бежиз айтишмаган. Аммо ҳаётий ташвишлар сабаб бундай ишларни доим ҳам амалга оширавермаймиз. Гоҳида эса, қандайдир бир тасодиф бизни ана шу эзгу йўлга бошлайди. 

eSchool.pro сайт стартапининг вужудга келиши ва бугунги кунда аҳолига беминнат хизмат кўрсатаётгани ҳам гапимизнинг яққол тасдиғидир. Ушбу лойиҳа асосчиси Шерзод Арипжонов шундай дейди: “Бу ғоя икки ярим йил олдин, жияним биринчи синфга бораётганида келган эди. Жияним рус тилига ихтисослашган мактабда ўқирди. Дастурчи бўлганим боис унинг ўқишларда қийналиб қолмаслиги учун унга ёрдам бердим ва шу онлайн платформани ишга туширдим”.

Бугунги кунга келиб бу хайрли мақсад кўлами янада кенгайди. Ҳозирги кунда ушбу сайтда мактаб ёшигача бўлган болалар учун математикадан иккита синф бор. Булар сафига биринчи ва бешинчи синф ўқувчиларига мўлжалланган дарслар ҳам қўшилган. Бундан ташқари, биринчи синфдан тўртинчи синф ўқувчиларига мўлжалланган рус тилидан интерактив тестлар болалар эътиборига ҳавола этилган.

“Келажакдаги режалар бисёр”, - дейди лойиҳа асосчиси Шерзод Арипжонов. – “Келгусида математика ва рус тили ўқув машғулотларини тўққизинчи синф ўқувчиларига мўлжаллаб, ишлаб чиқмоқчимиз. Бошқа фанларни қўшиш ниятимиз ҳам йўқ эмас. Қолаверса, ҳозир сайт ота-оналар ва болаларга мўлжалланган. Яқин келажакда унга ўқитувчи ва катта ёшли ўқувчилар, репетиторларга мўлжалланган дастурларни киритиш истагидамиз.

Билим олиш, илм чўққиларини эгаллаш кишини маърифатли ҳамда комил инсон бўлиб етишишига сабаб бўлади. Энг илғор технологиялар асосида тарғиб этилаётган илм олиш воситалари бу йўлда яна талабчан, фидокор ва жўшқин бўлишга ундайди. eSchool.pro сайт стартапи илм чўққисига етиш йўлидаги дастлабки қадам бўлишига ишониб қоламиз.

Мавзуга оид