DW’нинг ёзишича, Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Михаил Семикин 2 ноябр куни ҳужум оқибатлари ҳақида маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийлари Запорижжя шаҳридан жануби-шарқда жойлашган Камишеваха марказига камида тўққизта ФАБ-3000 бошқарилувчи авиабомбаси билан зарба берган.
Семикин ҳалок бўлганлар хотирасига 3 ноябрни мотам куни деб эълон қилган.
Қутқарувчилар ва полиция ходимлари ҳам ҳалок бўлган
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати қурбонлар орасида икки қутқарувчи ва тўрт полиция ходими борлигини билдирган. Яна беш киши жароҳатланган, уларнинг икки нафари ҳам қутқарувчилардир.
Идора раҳбари Андрей Даникнинг маълум қилишича, зарбалар оқибатида спорт зали ва хўжалик биноси вайрон бўлган. Таълим муассасаси биноси шикастланган, ёнғин-қутқарув автомобили эса йўқ қилинган.
Ҳодиса жойида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Киев одамлар яширинган бошпанага ҳам зарба берилганини билдирди
Украина бош вазири Сергей Корецкийнинг маълум қилишича, Россия ҳарбийлари эрталаб гуманитар ёрдам тарқатилаётган мактабга авиабомбалар ташлаган.
Унинг Telegram’да ёзишича, одамлар бошпанага яширинганидан кейин яна зарба берилган — бу сафар бошпанага яна тўққизта авиабомба ташланган.
Корецкий такрорий ҳужум хавфи воқеа жойида одамларни қидириш ва қутқариш ишларини қийинлаштираётганини таъкидлаган.
Зеленский дунёни қатъий жавоб беришга чақирди
Украина президенти Володимир Зеленский Камишевахага зарбаларни «Россия кескинликни пасайтиришни ҳам, ҳақиқий адолатни ҳам истамаётганининг яна бир исботи» деб атаган.
Унинг таъкидлашича, зарба гуманитар мақсадларда фойдаланилаётган мактабга берилган. Бинода аҳолига ёрдам тарқатилган ва Россия ҳарбийлари «буни билмаслиги мумкин эмас эди», деган Зеленский.
Украина президенти Олешкидаги гуманитар операциядан кейин тинчликка яқинлашиш мумкинлигини кўрсатадиган навбатдаги қадамлар учун имконият пайдо бўлганини айтган. Унинг фикрича, Камишевахага ҳужум бунинг аксига ишора қилмоқда.












