Жаҳон | 14:35 / 01.02.2017
5118
2 дақиқада ўқилади

Туркия ўз танклари модернизациясига ярим миллиард доллар сарфлайди

Анқара Туркия армияси танк паркини модернизация қилиш учун танлов эълон қилди. Бу ҳақда Defense News ёзмоқда.

Гап 200та машина ҳақида бормоқда: 40та Американинг M60A3, 120та M60T (бу аввал Исроилда Sabra Mk II лойиҳаси бўйича модернизация қилинган M60A3) ҳамда 40та Германиянинг Leopard 2A4. Нашр маълумотларига кўра, ушбу машиналарни қайта ишлашга мўлжалланган шартнома умумий қиймати 500 миллион долларга тенг.

Туркия қуролли кучларидаги манбаларнинг айтишича, модернизация дастури биринчи навбатда зирҳлилик даражасини кучайтириш ва танкларга қарши қуроллардан ҳимоя қилишни яхшилашни (унинг ичида фаол ҳимоя комплексларини ўрнатиш ҳам бор) қамраб олади.

Таъкидланишича, танлов Сурия шимолида оғир бронетехникадан фойдаланишнинг салбий натижалари туфайли тезлик билан эълон қилинган. У ерда Туркия армияси бир неча танклари жангарилар томонидан танкларга қарши ракета қўлланиши туфайли йўқ қилинди.

Айни дамда Туркия қуруқликдаги қўшинларида Leopard 2A4 туридаги 330та танк, 400та Leopard 1A1 ва 1A3 танклари, тахминан 1,5 мингта турли вариантлардаги M60 танклари ва 1,4 минг M48A5 модернизация қилинган танклари бор.

Мавзуга оид