Жаҳон | 08:12 / 18.02.2017
16060
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда Россия элчихонасининг машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди

Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси автомашинаси иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 1955 йилда туғилган микроавтобус ҳайдовчиси ҳаётдан кўз юмди. Бу маълумотни «24.kg» агентлигининг соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбаси тасдиқлаган

17 февраль куни дипломатик рақамларга эга ва Россия элчихонасига тегишли бўлган Toyota Prado автомобили Манас аэропорти йўлида ҳаракатланаётган Mercedes-Benz Sprinter юк автомобили билан тўқнашиб кетган. 

Toyota Prado ичида элчихонанинг 2 нафар ходими бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, автомобиллардан бири светофорнинг тақиқловчи чироғида чорраҳага катта тезликда кириб келган. Ҳайдовчиларнинг иккиси ҳам шифохонага ётқизилган. Олинган жароҳатлар оқибатида Mercedes-Benz Sprinter ҳайдовчиси ҳаётдан кўз юмган.

Шу муносабат билан, Россия Федерациясининг Қирғизистон Республикасидаги элчиси Алексей Мзареулов Қирғизистон ТИВга чақирилган. Учрашув чоғида ТИВнинг нотаси топширилиб, ҳодиса бўйича тергов ишларини олиб боришда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларига кенг кўламли ёрдам бериш, шу жумладан, ЙТҲда иштирок этган кишилардан бирининг шахсий иштирокини таъминлаш ҳақида сўз борган. 

Россия элчихонаси вакили марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган ҳамда элчихона ходимлари ушбу бахтсиз ҳодисага доир тергов ишларида ҳамкорлик қилаётганини қайд этган. 

Мавзуга оид