Ўзбекистон | 00:40 / 22.02.2017
9573
2 дақиқада ўқилади

Конституциявий суд ва Олий суднинг раисларини Олий Мажлис Сенати сайлайдиган бўлди

Жорий йилнинг 21 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни қабул қилди.

Ушбу фармонда ҳарбий суд судьяларининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига киритилганлиги, адлия органлари томонидан умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш тартиби суд ҳокимиятининг мустақиллиги тамойилига мувофиқ келмаётгани айтилади.

“Судлар тизимининг амалдаги тузилмаси ва штат бирлиги хизмат вазифаларини оқилона тақсимлаш имконини бермаяпти, бу эса уларни замон талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш ва мақбуллаштиришни талаб этади”, дейилади фармон матнида.

Шунга мувофиқ, фармонда келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий судининг раислари, раис ўринбосарлари, судьялари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан сайланади. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарлари Кенгашнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

“Ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, туман (шаҳар), туманлараро судлари судьялари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Кенгаш томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади”, дейилади фармон матнида.

Мавзуга оид