Эроннинг Тошкентдаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий 2026 йил 23 октябр куни Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Вазирлик матбуот котиби Омонулла Файзиевнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, учрашувда Эрон томонига Ўзбекистоннинг қатъий эътирозини ифодаловчи норозилик нотаси топширилди.

«Эътирозга Эроннинг хорижий давлатлардаги бир қатор дипломатик ваколатхоналари томонидан X ижтимоий тармоғида Самарқанд шаҳрининг тарихий-маданий меросини бирёқлама ва сиёсий мақсадларда талқин қилувчи материалларнинг эълон қилиниши сабаб бўлди.

Учрашув давомида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Ўзбекистоннинг бошқа тарихий шаҳарлари мероси кўп асрлар давомида шаклланган бой ва кўп қиррали тарихий-маданий тараққиётнинг ажралмас қисми экани таъкидланди. Самарқанднинг тарихий-маданий қиёфаси ўзбек халқининг кўп асрлик тарихи, давлатчилик анъаналари ва маданий тараққиётини акс эттириши уқтирилди.

Image
Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий / Фото: Kun.uz

Шунингдек, дипломатик ваколатхоналарнинг расмий ахборот ресурсларида эълон қилинадиган материаллар ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига мувофиқ бўлиши, тарихий-маданий масалаларнинг сиёсийлаштирилишига олиб келмаслиги лозимлиги урғуланди.

Эрон томонига тегишли постларни дипломатик ваколатхоналарнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан олиб ташлаш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича зарур чоралар кўриш талаби билдирилди», дейилади вазирлик расмийси тақдим қилган ахборотда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томони Эрон билан ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатларни қадрлашини билдириб, тарихий-маданий меросни бирёқлама талқин қилишга нисбатан принципиал позициясини сақлаб қолишини таъкидлаган.

Ўзи нималар бўлганди?

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Самарқандга ташрифи чоғида 19 октябр куни Регистон майдонида, тарихий обидалар олдида ўз видео баёнотини эълон қилганди.