Жаҳон | 08:38 / 25.02.2017
5346
2 дақиқада ўқилади

Калифорнияда тошқинлар оқибатларини бартараф этишга 1 млрд доллардан кўпроқ сарфланади

Фото: AP

АҚШнинг Калифорния штатида йирик тошқинлар ва кўчкилар оқибатида катта зарар етган инфратузилма объектларини таъмирлаш ишлари қиймати 1 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилади. Бундай рақамларни 25 февралда штат раҳбарияти маълум қилди. 

Штат губернаторининг молиявий маслаҳатчиси Майкл Коэннинг айтишича, пулларнинг катта қисми федерал ҳукумат томонидан тақдим қилинади. Коэн гап 1 млрд доллар ҳақида кетаётганини айтди ва Оровилл кўлидаги тўғонни тиклаш бўйича ишларнинг аниқ қиймати ҳали ҳисоблаб чиқилмаганини таъкидлаб ўтди. Дастлабки маълумотларга кўра, гап 200 млн доллар ҳақида кетиши мумкин.  

Штат транспорт бошқармаси вакилининг айтишича, ажратиладиган 1 млрд доллардан 600 млн доллари табиий офатдан вайрон бўлган йўллар ва кўприкларни тиклаш учун сарфланади.  

Аввалроқ Калифорниянинг баъзи ҳудудларида кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида юзага келган тошқинлар Сан-Хосе шаҳри ва унинг атрофидаги ерлардан 14 минг кишининг эвакуация қилинишига олиб келгани маълум қилинганди. Йўл қопламасининг вайрон бўлиши ва ер кўчкилари юз бериши хавфи сабабли Йосемит миллий боғи орқали ўтувчи кўпчилик йўллар ёпиб қўйилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид