Парламент депутатлари парламент палатасининг қўшма мажлисида "Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун лойиҳасини тасдиқлашди. News.kz шу ҳақида маълумот берди.
Давлат раҳбарига тақдим этилган қонун лойиҳаси Конституциянинг 19 моддасига 26 ўзгартириш киритишни кўзда тутади.
Қонун лойиҳасини тақдим этар экан, қўшма комиссия раиси Нурлан Абдиров Қозоғистон жорий конституцион ислоҳотлар сари аста-секинлик билан, ижтимоий муносабатлар ривожига мувофиқ ҳаракатланганини таъкидлади.
Катта ўзгаришлар блоки президент, парламент ва ҳукумат ваколатларини тақсимлаш масалаларига тааллуқли.
Президентнинг мудофаа, ташқи сиёсат, давлат бошқаруви, Конституция ҳимояси ва давлат ҳукумат тармоқларининг самарали фаолияти ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ваколатлари сақлаб қолинган.
Парламент қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга ошириши қоидаси мустаҳкамлаб қўйилган.
Давлат раҳбарининг қонун томонидан белгиланган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ваколатларининг катта қисмини ҳукуматга ўтказиш таклиф этилади.
Инсон ва фуқаронинг конституцион ҳуқуқи ва эркинлиги ҳимоясининг янги самарали механизми пайдо бўлди.
"Қозоғистон Республикасининг Асосий Қонунига мувофиқ, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари нафақат тан олинади, балки кафолатланади. Бунда Қозоғистон Республикаси президентининг ўзи кафил ҳисобланади.
Давлат конституцион ҳуқуқ ва эркинликни таъминлаш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олар экан, уларни таъминлашнинг ҳуқуқий, энг аввало, конституцион механизмларини ўрнатади.
Шундай экан, давлат раҳбари уларнинг ҳимоясини таъминлаш мақсадида Конституциянинг амалдаги ва қабул қилинган қонунлар, шунингдек бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлигини текшириш учун Конституцион кенгашга мурожаат қилиши мумкин.
Бундай кўринишдаги конституцион назоратнинг янги йўналиши, шубҳасиз, қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатлар сифатига ижобий таъсир кўрсатади. Бу эса Қозоғистоннинг келгусида ҳуқуқий давлат сифатида эътироф этилишига сабаб бўлади", - деди Абдиров.
Тузатишлар ҳақида батафсил
Биринчидан, Конституциянинг 91-моддасига киритилган тузатишлар давлат мустақиллигининг дахлсизлигини мустаҳкамлайди, шунингдек Республика Конституцион Кенгашининг Асосий қонунга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар бўйича мажбурий якуний хулосалар бўлишини таъминлайди.
















