Жаҳон | 08:56 / 28.03.2017
6028
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда қор кўчкиси оқибатида 4 киши ҳалок бўлди

Қирғизистоннинг шимоли ва жанубини боғловчи Бишкек-Ўш йўлини қор кўчкиси босиши оқибатида 3 та автомобиль қор уюми остида қолди. Оқибатда 4 киши ҳалок бўлган, 6 киши қутқариб қолинган. Бу ҳақда "Интерфакс" ахборот агентлигига Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазирлигида 28 март куни маълум қилинган. 

Маълум қилинишича, 27 март кундузи йўлнинг 255 кми 6720 куб метр ҳажмдаги қор кўчкиси остида қолган. Йўлда қатнов вақтинчалик тўхтатилган, қор остида қолганларни қидириш-қутқариш операцияси бошланган. 

"28 мартга ўтар кечаси қутқарувчилар томондан кўчки остидан йўл-эксплуатация хизматига тегишли "Тойота" машинаси чиқариб олинган. Автомобилда 4 кишининг жасади топилган", дейилган хабарда.

Маълум қилинишича, қор остидан, шунингдек, Lexus ва Subaru Legacy русумидаги автомобиллар ҳам чиқариб олинган. Улардан ҳар бирида 3 нафардан одам бўлган. Уларнинг барчаси омон қолган.

Таъкидланишича, жойни қордан тозалаш учун ФВВнинг 52 нафар ходими, махсус техника жалб қилинган. 

Мавзуга оид