Иқтисодиёт | 14:32 / 19.04.2017
8757
2 дақиқада ўқилади

ХХР вакили: Хитой - Ўзбекистоннинг энг йирик инвестицион ҳамкори

19 апрель куни Тошкент шаҳридаги Халқаро бизнес-марказида Ўзбек-Хитой бизнес форумига старт берилди. Тадбирда Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик, бошқарма ва корхоналари вакиллари билан бирга Хитой Халқ Республикаси (ХХР)нинг энергетика, металлургия, телекоммуникация, транспорт каби бир қатор соҳалар вакиллари қатнашишди. 

Хитой томони Ўзбекистонда Инвестиция Давлат қўмитасининг тузилишини алоҳида эътироф этди ва инвестиция ҳар қандай мамлакат тараққиётида муҳим роль ўйнашини таъкидлади. Хитой вакили икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган вақтдан бошлаб улар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар муваффақиятли ривожланиб келаётганини қайд этди. 

Таъкидлаш жоизки, 1992 йилда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги товар алмашинуви 47 миллион АҚШ долларини ташкил қилган, ўтган йили эса бу кўрсаткич 4,7 миллиард долларга етган - бу кўрсаткичларнинг 100 карра ўсганидан далолатдир. 2017 йилнинг биринчи чорагида икки мамлакат ўртасида товар алмашинуви қиймати 1,2 миллиард долларни ташкил қилди. Инвестициялар эса 7,6 миллиард долларни ташкил этади, бу мазкур кўрсаткичларнинг икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган вақтдан буён 700 баробарга ўсганини кўрсатади.

ХХР Ўзбекистоннинг энг йирик инвестицион ҳамда иккинчи ўринда энг йирик савдо ҳамкори эканлиги қайд этилди. Хитой вакили Ўзбекистон ва ХХР давлат раҳбарларининг учрашуви икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди. 

Бизнес-форумда Хитойнинг йирик компаниялари иштирок этаётгани ҳамда уларнинг Ўзбекистондаги корхоналар билан ҳамкорлик битимлари тузишдан манфаатдор экани таъкидланди. Жумладан, SinoHYDRO Хитой давлат ҳидроэнергетика компанияси ва Sinosteel корпорацияси тадбирда ўз тақдимоти билан қатнашди. 

Шунингдек Ўзбекистондан "Ўзбекэнерго" ҳамда "Ўзкимёсаноат" корхоналари Хитой вакилларини ўз фаолият доиралари билан атрофлича таништиришди. 

Мавзуга оид