Хитойда дунёда илк бор 1000 километрлик ичи бўш оптик тола линияси орқали реал вақт режимида икки йўналишда маълумот узатиш синови якунланди. Бу янги авлод алоқа тармоқлари учун муҳим технологиялар соҳасида навбатдаги ютуқ бўлди.
Бугун фойдаланилаётган оптик толаларнинг мутлақ аксарияти яхлит ўзакли бўлиб, уларда сигналлар кварц шишасидан ясалган ўзак орқали узатилади. Улардан фарқли равишда, ичи бўш оптик толаларда сигналлар асосан ҳаво билан тўлдирилган канал орқали ўтади. Мазкур синов ичи бўш толанинг узоқ масофага маълумот узатишдаги амалий имкониятларини тасдиқлади. Келажакда у янада кўпроқ соҳа ва шароитларда яхлит ўзакли толалар ўрнини эгаллаши ҳамда Хитойнинг янги авлод алоқа тармоқлари ва ҳисоблаш тармоқлари учун ўта муҳим техник асос яратиши кутилмоқда.
Тажриба давомида узунлиги 1007,48 километр бўлган линияда илк бор бир вақтнинг ўзида ҳар икки йўналишда секундига 64 терабит тезликда сигнал узатишга эришилди. Ҳар бир йўналишдаги бундай ўтказиш қобилияти бир сонияда ҳар бири 50 гигабайт ҳажмдаги 160 та 4K филмни юклаб олиш ёки юбориш имкониятига тенг. Сигналнинг 1000 километр масофага бир йўналишда етиб бориши атиги 3,43 миллисекунд вақт олади. Шу тариқа, ичи бўш оптик тола орқали реал вақт режимида маълумот узатиш масофаси бўйича янги рекорд ўрнатилди.
Ҳозирда мавжуд энг яхши яхлит ўзакли толаларга нисбатан бу технология маълумот ўтказиш қобилиятини икки бараварга, узатиш масофасини эса 60 фоизга оширади. Шу турдаги ичи бўш толанинг аввалги синовлари билан таққослаганда, мазкур тажрибада маълумот узатиш масофаси 50 баравар оширилди.
China Telecom компаниясининг янги авлод ахборот-коммуникация тармоқлари бўйича бош эксперти Хо Сяоли таъкидлашича, анъанавий яхлит ўзакли толадан фарқли равишда, ичи бўш тола сигналларни газ муҳити орқали узатади. Бу эса кечикишни 30 фоизга камайтириш имконини беради.
Тажрибанинг муваффақияти ичи бўш тола мавжуд узатиш ускуналаридан қайта фойдаланган ҳолда ҳам катта ҳажмдаги маълумотни узоқ масофага кам кечикиш билан узата олишини тасдиқлайди. Шу тариқа, у ҳисоблаш тармоқларини қуриш учун муҳим технологик асос яратади.
Ҳозирда бу технология молия соҳаси учун махсус ажратилган, ичи бўш оптик тола асосидаги дунёдаги биринчи трансчегаравий тижорий алоқа линиясида қўлланмоқда. Ушбу линия Хитой жанубидаги Гуандун провинциясининг Шэнчжэн шаҳри билан Ҳонгконгни боғлайди.













