08:55 / 14.05.2017
5443

Эронда йирик қўпорувчилик амалга оширмоқчи бўлган террорчилар гуруҳи бартараф этилди

Эрон жануби-шарқида йирик қўпорувчиликни амалга оширмоқчи бўлган террорчилар гуруҳи бартараф этилди. Бу ҳақда Эрон ички ишлар вазири Абдулроз Раҳмони Фазлийга иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда

"Икки кун аввал 20 метр чуқурликда узунлиги 40 метрлик ер ости туннели аниқланганди. Уни барпо этган террорчилар кучли портлашни содир этмоқчи бўлишган. 40 га яқин одам қўлга олинди", деб маълум қилган Фазлий Теҳрондаги матбуот-анжуманда. 

Tasnim ахборот агентлигига маълум қилинишича, туннел Хаш шаҳрида аниқланган. У турар жой биноси ертўласидан икки объект томонга қараб кетган бўлган. Бу объектлардан бири хавфсизлик хизматига, иккинчиси ҳарбийларга тегишли бўлган. Террорчилар шу объектларни портлатмоқчи бўлишган. Ушбу ҳолат юзасидан тергов олиб борилмоқда.  

Эрон жанубида, асосан Покистон билан чегарадош ҳудудларда "Жайш ал-Адл" экстремистик ташкилоти ҳаракат қилади. Бу гуруҳ 2012 йилда ташкил этилган ва Эрон хавфсизлик кучлари томонидан яксон қилинган "Жундаллоҳ" гуруҳининг вориси ҳисобланади. "Жайш ал-Адл" жангарилари бир қатор терактлар, ҳарбийлар ва чегарачиларни ўғирлаш ва ўлдириш каби қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ҳисобланади.

Top