18:40 / 17.05.2017
28262

Ўзбекистонда сониясига 200 гигабитлик интернет – афсона бўлмайди

Фото: Flickr

17 май куни Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. “Халқаро электралоқа ва ахборотлаштириш жамияти куни” мавзусида бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ҳамда “Ўзбектелеком” АК бош директори Шуҳрат Қодиров, клуб аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Эътиборли томони шундаки, сессия Пресс-клуб тарихида илк маротаба “Ўзбекистон” ва “Ўзрепорт” телеканаллари орқали жонли эфирда узатилди. 

Сессияда маълум қилинишича, 2016 йилда халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланиш умумий тезлиги (провайдерлар учун) 26,3 Гбит/сонияга, 2017 йилда эса 65,7 Гбит/сонияга етказилди. Шунингдек, уланиш тезлигини сониясига 200 гигабитга етказиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. 

Бу рақамларнинг моҳиятини сўнгги бир йил ичида республикада интернет фойдаланувчилари сонининг кескин кўтарилиб кетиши билан боғлаш мумкин. Жумладан, айни пайтда, Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчилари сони  14,7 млн кишини ташкил қилади. 2016 йил билан солиштирганда, ўсиш 2.6 млн абонентни ташкил қилади.

Интернет нархи масаласида – 2013 йилда провайдерлар учун ташқи интернет каналларига уланиш нархи 1 Мбит/с учун 422 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 4 йил давомида бу нарх мунтазам пасайтирилиб, бугунги кунда 1 Мбит/с учун 67,85 долларгача камайган. 

Интернетдан фойдаланишни арзонлаштиришнинг муҳим шарти – миллий контентни ривожлантиришдир. UZ доменидаги сайтлар сони йил бошига нисбатан 7,4 фоизга кўпайиб, 32,5 мингга етган.

Top