Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов 27 миллиондан ортиқ ўзбекистонликнинг шахсий маълумотлари ҳакерлар гуруҳи томонидан қўлга киритилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ берди. У киберхавфсизликка ажратиладиган маблағларни кўпайтириш ва ахборот тизимларидаги заифликларни ўз вақтида бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.
Вазирнинг айтишича, сунъий интеллектни ривожлантиришга сармоя киритиш билан бирга, унинг ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган хавфлардан ҳимояланишга ҳам маблағ ажратиш муҳим.
Шерзод Шерматов сўнгги кунларда дунёда ҳакерлик ҳужумлари билан боғлиқ хабарлар кўпайганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, 27 миллиондан ортиқ маълумот тарқалгани ҳақида шов-шув кўтарган Butterfly гуруҳининг ўзи ҳам бу ҳаракатдан кўзланган мақсад киберхавфсизлик муаммоларига эътибор қаратиш бўлганини билдирган.
«Лекин ҳозир тарқалмади дегани, зудлик билан чоралар кўрилмаса, эртага бундай ҳолат бўлмаслигига кафолат дегани эмас», — деб ёзди вазир.
Унинг қайд этишича, сунъий интеллект эски ахборот тизимларидаги заифликларни аниқлаш жараёнида катта ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Натижада аввалги даврларга нисбатан аниқланаётган заифликлар сони бир неча бараварга ошган.
Шу муносабат билан давлат, нодавлат ва тижорат ташкилотлари ўз ахборот тизимларидаги заифликларни мунтазам аниқлаб, уларни ўз вақтида бартараф этиб бориши керак.
Вазир тизимларни яратиш ва бошқаришга масъул идоралар ҳамда компанияларни киберхавфсизлик учун қўшимча маблағ ажратишга ва малакали мутахассислар тайёрлашга чақирди. Шунингдек, ташкилотлар Давлат хавфсизлик хизмати Киберхавфсизлик маркази тавсиялари ва UzCERT хизмати хабарларини кузатиб бориши, янги аниқланган заифликларни бартараф этиши зарурлигини таъкидлади.
Аввалроқ, 27 миллиондан ортиқ ўзбекистонликнинг шахсий маълумотлари тарқалгани ҳақидаги хабарлар ортидан ўзини Butterfly деб атаган хакерлар гуруҳи расмий баёнот эълон қилди. Шерзод Шерматов ўз хабарида ушбу гуруҳ каналига ҳавола берган.
Гуруҳ ўзини «оқ хакерлар» — ахборот тизимларидаги заифликларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга кўмаклашиш билан шуғулланувчи мутахассислар жамоаси сифатида таништирган. Уларнинг таъкидлашича, сўнгги кунларда интернетда тарқалган маълумотлар ҳақиқий киберҳужум ёки маълумотларнинг тўлиқ сизиб чиқиши эмас, балки масъул идораларга қаратилган огоҳлантириш бўлган.












