Январ ойи охирида 3 та идора (номлари очиқланмаяпти) киберҳужумга учраши натижасида, ўзбекистонликларнинг 60 мингга яқин датаси ўғирланган. Бу ҳақда айтган вазир Шерзод Шерматов “15 млн кишининг маълумоти даркнетда сотилаётгани” ҳақидаги миш-мишларни рад этди. “15 млн уникал одамнинг интернетда сотувда турган маълумоти йўқ. Агар бўлса, топинглар, олинглар, кўринглар. Унақа маълумот йўқ”, деди у.
2 феврал куни Ўзбекистондаги давлат идораларига ҳакерлик ҳужумлари бўлгани ҳақида Reddit'да хабар қолдирилган, хабарда бузиб кириш натижасида ҳакерлар қарийб 15 миллион шахснинг маълумотини қўлга киритгани иддао қилинган эди.
12 феврал куни рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов матбуот анжумани ўтказиб, шу масалада изоҳ берди.
Унинг айтишича, 27–30 январ кунлари Ўзбекистон ҳукуматининг учта идораси киберҳужумга учраган. Бунда 15 миллионта эмас, 60 мингга яқин шахсий маълумотлар ўғирланган.
Булар – фуқароларнинг исм-шарифи, туғилган санаси, манзили, телефон рақами каби маълумотлар ёки расмидан иборат. Ҳозирда ваколатли органлар томонидан ўрганишлар давом этяпти.
“15 млн нафар уникал одамнинг интернетда сотувда турган маълумоти йўқ”
Шерзод Шерматовга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда 107 млндан ортиқ киберҳужумлар қайд этилган. Бу йил рақамлар 2 баробарга ошиш эҳтимоли бор. Бу – онлайн тизим, веб-сайтлар кўпаяётгани билан боғлиқ.
“Мана, ўтган йили Ўзбекистоннинг ресурсларига 100 млндан ошиқ ҳужум бўлган бўлса, кейинги йил 200 млндан ҳам ошиши ҳеч гап бўлмай қолади. Чунки унинг ёнига сунъий интеллект орқали ҳам қўшимча янги-янги ҳужум турлари кириб келяпти. Яъни борган сари бу бўйича талабни кучайтириб боришимиз керак.
Бу ҳолат бўйича интернетда 15 млн нафар одамнинг шахсий маълумоти сотувда турибди, деган гап чиқди. Даркнетда, масалан. 15 млн нафар уникал одамнинг интернетда сотувда турган маълумоти йўқ. Агар бўлса, топинглар, олинглар, кўринглар. Чунки 15 млн деган катта рақам-да, у ҳар бир одамга таъсир қилади. Бир томондан, шу масалага эътибор қаратиш учун жуда яхши кўринишда ишлатиладиган рақам. Лекин 15 млн нафар фуқаро, агар бундоқ болаларни ҳисобламаса, деярли паспорт олган аҳолимизнинг ярмидан кўпининг маълумоти интернетда турибди деган савол чиқади-да. Унақа маълумот йўқ. У сотилаётгани йўқ”






