Фан-техника | 01:19 / 27.05.2017
25353
2 дақиқада ўқилади

Хитойда сувда сузувчи жаҳондаги энг йирик қуёш электрстанцияси ишга тушди

Чин давлати узоқ йиллардан бери ўз ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бўйича бошқа давлатларни ортда қолдириб, жаҳонда етакчи позицияга эга бўлиш учун курашиб келади.

Натижада, мамлакат гигант завод ва фабрикалардан чиқаётган тутундан бўғилиб қолган. Тезроқ нимадир қилиб, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни йўлга қўйиш зарурияти пайдо бўлган эди.

Шу кунларда Хитой ҳукумати сувда сузувчи жаҳондаги энг йирик қуёш электростанцияси фойдаланишга топшириб, маҳаллий электр тармоғига уланганини эълон қилишди.

Анхой провинцияси Хуайнан шаҳри яқинида жойлашган янги сузувчи электр станцияси 40 мегаватт қувватга эга ва Sungrow Power Supply Co компанияси инженерлари томонидан ишлаб чиқилган. Бу воқеада қизиқарли томони шундаки, электр станцияси бир вақтлар кўмир кони бўлган кўлда барпо этилган ва у кондаги кўмирлар атмосферани ифлослантирувчи иссиқлик электр станцияларида ёқилган. Ўтган йили Хитой сувга 20 мегаваттли электр станциясини туширган эди, бироқ Чин юрти яқин йилларда бундай иншоотлар сонини фаол равишда кўпайтиришни режалаштирган.

Сузувчи электр станциялар уникал дизайни ва уларни жойлаштириш учун ер участкаси талаб этилмаслиги туфайли тобора оммалашиб бормоқда. Боз устига, бундай станциялар сув буғланишини ҳам секинлаштиради, олимлар буни ҳам экология учун фойдали, деб ҳисоблашмоқда. Денгиз ёки океан сатҳидаги паст ҳарорат фотоэлектрик панелларни совутишда асқотади ва улардан узоқ муддат фойдаланишга замин яратади.

2020 йилга келиб Хитой умумий истеъмолда қуёш электр станцияларидан олинадиган энергия улушини 20 фоизга етказишни мақсад қилган.

Мавзуга оид