Жанубий Кореянинг қуёш энергиясида ишлайдиган EAV-4 дрони 20 километр баландликда узлуксиз парвоз давомийлиги бўйича миллий рекорд ўрнатди.
Корея аэрокосмик бошқармаси (KASA) хабар беришича, қуёш энергиясида ишлайдиган EAV-4 стратосфера дрони 170 соат 5 дақиқа давом этган узлуксиз парвозни муваффақиятли амалга оширди. Янги натижа ундан олдинги EAV-3 аппарати 2020 йилда ўрнатган 53 соатлик миллий рекорддан уч баравардан зиёд юқори. Парвоз давомийлиги бўйича Жанубий Корея ишланмаси дунёда иккинчи ўринни эгаллайди. У фақат Европанинг Airbus компанияси яратган Zephyr дронидан ортда қолмоқда.
EAV-4 Корея аэрокосмик тадқиқотлар институти (KARI) томонидан ишлаб чиқилган. Қуёш энергиясида ишлайдиган ушбу учувчисиз аппарат қанотларининг қулочи қарийб 30 метр, парвозга кўтарилишдаги максимал массаси эса 150 килограммни ташкил этади. У белгиланган вазифаларни бажариш учун 20 килограммгача фойдали юкни олиб учиши мумкин.
Кундузи қанотларга ўрнатилган қуёш панеллари электр энергияси ишлаб чиқаради, унинг ортиқча қисми эса аккумуляторларда тўпланади. Шу туфайли аппарат панеллар энергия ишлаб чиқармайдиган тунги вақтда ҳам парвозни давом эттира олади.
Узоқ вақт учиш имкониятини намойиш этишдан ташқари, аппарат табиий офатлар оқибатларини бартараф этишда амалий қўллаш учун зарур бўлган кузатув вазифаларини ҳам бажарди.
Ўрмон ёнғинларини аниқлаш синовлари пайтида EAV-4 оптик-электрон ва инфрақизил камералар ёрдамида 14,4 километр баландликдан ёнғин ўчоғини атиги бир неча сонияда аниқлади. Бундан ташқари, у тутуннинг тарқалиш йўналиши ва ёнғин фронтининг ҳаракатини кузатиш ҳамда прогноз қилиш имкониятларини намойиш этди.
Ер орбитасидаги сунъий йўлдошлардан фарқли равишда, стратосфера аппаратларини бевосита керакли ҳудудга йўналтириш мумкин. Улар оддий дронларга нисбатан кенгроқ ҳудудларни узлуксиз кузатиши, фавқулодда вазиятларда эса ердаги мобил телефонлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиши мумкин.












