Ўзбекистон | 08:04 / 08.06.2017
17504
3 дақиқада ўқилади

ФВВ: Чирчиқ дарёсининг 11 та участкасида қирғоқлар емирилиши ва сув босиши мумкин

Фото: Иллюстратив фото

“Ўзгидромет” марказидан олинган маълумотга кўра, об-ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши натижасида, Тошкент вилоятининг юқори тоғли ҳудудларидаги мавжуд қор қатламларининг жадал эриши туфайли Чирчиқ дарёсининг сув сарфи кўпайиб дарё қирғоқларини емирилишига олиб келиши аниқланди, деб хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳозирда, мутахассислар томонидан Чирчиқ дарёсининг жами 11 та участкаларида (Юқоричирчиқ – 4 та, Қибрай – 2 та, Қуйичирчиқ – 3 та ва Янгийўл – 2 та) қирғоқларининг емириш ҳолатлари ҳамда сув босиш хавфи юқорилиги таъкидланмоқда. Мазкур ҳудудда жами 254 та хўжалик (1615 нафар фуқаро), 23 та дала ҳовлилар ва 80 га экин ер майдонлари мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири - Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2017 йил 31 майдаги “Тошкент вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг ўзанида ва қирғоқларида кечиктириб бўлмайдиган муҳандислик-техник ва бошқа ҳимоя ишларни ташкил этиш тўғрисида”ги 3-сонли буйруғининг ижросини таъминлаш мақсадида, ФВВ, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзгидромет, Давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази, Ергеодезкадастр давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги масъул ходимларидан иборат 6 та гуруҳ ташкил этилган бўлиб, улар томонидан Чирчиқ дарёси қирғоқ муҳофаза зонасини ўрганиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Сув босиши мумкин бўлган ҳудудларни олдини олиш, келгусида аҳолини ва экин ер майдонларни содир бўлиши мумкин бўлган сув тошқини билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш борасида кечиктириб бўлмайдиган муҳандислик-техник ва бошқа ҳимоя ишларни амалга ошириш мақсадида, Чирчиқ дарёсининг қирғоқларида 7 июн ҳолатига жами бўлиб, 3230 м3 харсанг тош, 480 м3 бетон, 1760 м3 тош-шағал ишлари бажарилди.

Амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш мақсадида, Тошкент вилояти ҳокимлигида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идора вакилларидан иборат тезкор штаб ташкил этилган.

Чирчиқ дарёси яқинидаги ҳудудларда мавсум давомида сув сатҳининг кўтарилиши натижасида қирғоқ яқинидаги биноларнинг зарар кўриши ҳамда инсонлар ҳаётига хавф туғдириши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Чирчиқ дарёси қирғоқ муҳофаза зонасида хавфсизлик қоидаларига риоя қилишингизни сўрайди.

Мавзуга оид