АҚШ бошчилигидаги коалиция Сурия ҳарбий самолётини уриб туширди
АҚШ бошчилигидаги коалиция 18 июнда Суриянинг Раққа шаҳри яқинида Сурия ҳарбий-ҳаво кучларининг самолётини уриб туширди. Бу ҳақда Сурия мудофаа вазирлигида маълум қилинди.
"Бугун самолётимиз Раққа шаҳрида уриб туширилди. У ИШИДга қарши топшириқни бажараётган эди", дейилди хабарда.
Сурия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, самолёт учувчиси ҳамон топилмаган. Таъкидланишича, коалициянинг самолётни уриб тушириши "унинг ўз ҳаракатларини ИШИД билан мувофиқлаштиришини" тасдиқлайди.
"Бизнинг армия ва иттифоқдошларимиз катта ютуқларга эришаётган бир пайтда улар бу ҳаракатлари билан Сурия армияси ва унинг иттифоқдошларининг террорчиликка қарши курашини тўхтатмоқчилар", деб айтилди Сурия мудофаа вазирлигида.
АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция штаби Табқа шаҳридан жанубда Сурия самолётини уриб туширганини тасдиқлаган. Коалицияда таъкидланишича, Сурия самолёти мухолифат қўшинлари устига бомба ташлаган.
"Маҳаллий вақт билан соат 18:43да Сурия тузумининг Су-22 самолёти SDF позициялари яқинига бомба ташлади. Ўзини ҳимоя қилиш қоидаларига мувофиқ, бу самолёт АҚШнинг F/A-18E Super Hornet қирувчи самолёти томондан дарҳол уриб туширилди", деб айтилган коалиция хабарида.