Жаҳон | 08:00 / 22.06.2017
14887
2 дақиқада ўқилади

ЮНИСЕФ Мўсулда болалар оммавий равишда ўлдирилаётганини маълум қилди

Фото: Reuters

ИШИД жангарилари Ироқнинг Мўсул шаҳрини тарк этмоқчи бўлаётган оилалар фарзандларини ўлдирмоқда, деб маълум қилди БМТнинг Болалар жамғармаси ЮНИСЕФ.

"Улар одамларга шаҳарни тарк этишларига йўл бермаслик мақсадида болалардан уруш олиб бориш воситаси сифатида фойдаланишмоқда. Бу эса ушбу уруш қанчалик фалокатли ва бефарқ эканлигидан далолат беради", деб айтди ЮНИСЕФнинг Ироқдаги вакили Питер Хокинс.

Хокинснинг маълум қилишича, ташкилот террорчилар одамларга Мўсулни тарк этишларига йўл бермаслик учун болаларни ўлдираётганлари исботларига эга. Жангарилар шаҳарни тарк этишни режалаштираётганларни шу тариқа қўрқитмоқдалар.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, ИШИД Ироқнинг учдан бир қисмини эгаллаб олган 2014 йилдан бери мамлакатда 1 минг 75 бола ҳалок бўлган, 1,1 мингдан кўпроғи жароҳат олган.

Мўсулни террорчилардан озод қилиш бўйича операция 2016 йил октябрида бошланганди. Бу операция давомида минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлган, 850 мингдан кўпроқ одам эса Ироқнинг бошқа ҳудудларига қочишга мажбур бўлган.

Мавзуга оид