Қўрқув болани икки хил йўлга бошлаши мумкин

Менталитетимизда бола кимдандир қўрқиши керак, деган қараш ҳали ҳам учрайди. «Ўқитувчидан қўрқ», «отангдан қўрқ», «катталарнинг гапини икки қилма» каби тарбия усуллари кўпчиликка таниш. Аммо болалар психологи Розалия Габдулҳакованинг фикрича, қўрқув тарбиянинг самарали воситаси эмас. Бола хатонинг ўзи нотўғри эканини тушуниб эмас, жазодан қочиш учун ўзини тута бошлайди.

«Болани қўрқитиш уни яхши хулқли қилиб қўймайди. Қўрқув болага “бу иш нотўғри” деган тушунчани эмас, “бу ишни қилсам, мени жазолашади” деган фикрни беради. Яъни бола ички масъулият билан эмас, жазодан қўрққани учун ўзини тута бошлайди. Тарбиянинг асосий маъноси уни қўрққанидан эмас, ҳурмат қилганидан ўз ихтиёри билан қилишига эришиш – тарбия дейилади», — дейди мутахассис.

Қўрқувга асосланган тарбиянинг оқибати фақат боланинг бўйсунувчан бўлиб қолиши билан чекланмайди. Мутахассисга кўра, бундай муҳитда улғайган бола икки хил хулқ моделини шакллантириши мумкин.

«Агрессия билан қўрқитди дегани, демак бола хавф туғдириб бошқариляпти дегани. Катта одам бақиряпти, ерга уряпти, калтаклаяпти ва болани бошқаряпти. Қўрқувга асосланган тарбия болада икки хил хулқ моделини шакллантириши мумкин. Биттаси қўрқиб, ҳамма нарсага итоат қилиб, ўзини фикрини айта олмайдиган, иккинчиси шу агрессорнинг хулқини кўчирган бола. Яъни норози пайтида ўзи хоҳлаганини мажбурлаб, қўрқитиб эришадиган бола бўлиб шаклланишади. Боланинг темпераментига қараб шу хулқдан бири шаклланиши мумкин”.

Яқинда 151-мактабда боланинг темир билагузук ютиши билан боғлиқ воқеа ҳам жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди. Умуман, буллинг энг кўп муҳокама қилинадиган маконлардан бири мактаб ҳисобланади.

Буллинг – бирор шахсни мунтазам равишда қасддан камситиш, қўрқитиш, ҳақоратлаш ёки унга нисбатан жисмоний ва психологик босим ўтказиш. Буллинг мактаб, иш жойи ёки интернет муҳитида юз бериши мумкин.

Буллер – буллингни амалга ошираётган, яъни бошқаларга нисбатан мунтазам равишда босим, таҳдид ёки камситиш қилаётган шахс ҳисобланади.

2022 йилги PISA маълумотларига кўра, Ўзбекистонда камида ҳар етти ўқувчидан бири мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмаган. Ўқувчиларнинг 14 фоизи синфда, 20 фоизи эса коридор, ошхона ёки ҳожатхона каби мактабнинг бошқа ҳудудларида ўзини хавфсиз ҳис қилмаганини билдирган. Бундай муҳит боланинг руҳий ҳолатигагина эмас, унинг таълим натижалари ва мактабга муносабатига ҳам таъсир қилиши мумкин.