Қашқадарёда 3 ёшли қизалоқнинг ўлимига сабабчи бўлган боғча раҳбари жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмига кўра, Азиз Очилов 2023 йил 13 декабрда отаси номига оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини очиб, амалда уни ўзи бошқариб келган. Боғчада 2 та гуруҳга 50 нафар тарбияланувчи қабул қилинган.

Азиз Очилов болаларни ўзига тегишли Kia Carnival машинасида уйларидан боғчага ва боғчадан уйларига ташиган. 2026 йил 4 июн куни эрталаб болаларни боғчага олиб келган ва машинадан тушириб, тарбиячига топширган. Сўнгра машинани қулфлаб кетган. Бироқ 2023 йилда туғилган Мадина Зайниддинова машина салонида қолган.

Соатлар давомида ёпиқ салонда қолган қизалоқ вафот этган. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, унинг ўлими организмнинг умумий қизиб кетиши натижасида юзага келган ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги оқибатида содир бўлган.

Азиз Очилов судда айбига иқрор бўлиб, машинадан туширишда болаларни санамаганини айтган.

“Болаларни боғчага олиб келиб, тушириб, тарбиячига топширдим. Машинага қараган вақтимда бошқа бола кўринмади. Шу сабабли, машинани қулфлаб, ўзим ишга кетдим. Соат 16:00 атрофида турмуш ўртоғим қўнғироқ қилиб, қизалоқ боғчада йўқлигини айтди. Ҳаммаси югуриб тушиб кетгани учун болаларни санамагандим”, деган судланувчи ўз кўрсатмасида.

Шундан сўнг Азиз Очилов боғчага етиб борган. Бу пайтда қизалоққа тез тиббий ёрдам ходимлари ёрдам кўрсатаётган бўлган. Кейин болани шифохонага олиб боришган. Бироқ шифокорлар қизалоқ вафот этганини айтишган.

Бундан ташқари, боғча фаолияти ўрганилганида молиявий қонунбузилишлар ҳам аниқланган.

ЖИБ Китоб туман суди ҳукми билан Азиз Очилов Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми, 167-моддаси 2-қисми “б, в, г” бандлари (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 3-қисми (ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш) билан айбдор деб топилган. Унга 3 йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияларда ўташи белгиланган.

Kun.uz ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ўтказганди